Путин нега келяпти?

Таҳлил

Бир неча кундан буён Тошкент бўйлаб йўлларни таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу пойтахтдаги одатий бунёдкорлик ишлари эмас, балки Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи баҳонасида амалга ошираётган тайёргарлик ишларидир.

Таҳририятдаги маълумотларга кўра, Россия Президенти Олмазор туманидаги Ғалаба боғи ва Ислом цивилизацияси марказига келиши кутилмоқда.

Айни пайтда ушбу манзилларга олиб борувчи йўллар таъмирланмоқда, кўчатлар ва гуллар ўтқазилмоқда, яшаш хонадонларигача таъмирланиб, Президентлар ташрифига катта тайёргарлик кўрилмоқда.

Путин келаётгани расман очиқланмаган бўлишига қарамай, Тошкент бўйлаб олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари тез кунларда пойтахтга мартабали меҳмон келишидан дарак бермоқда. 

Пойтахт ҳокимлиги 20 май куни Тошкент шаҳридаги кенг кўламли таъмирлаш ва реконструкция ишлари доирасида Қорасарой ва Нурафшон кўчалари кесишмасидан Абдулла Қодирий кўчаси кесишмасигача; Кичик ҳалқа автомобиль йўли Нурафшон кўчаси кесишмасидан Қорасарой кўчаси билан кесишмасигача бўлган кўчалар вақтинча ёпилиши ҳақида маълумот берганди. 

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Ўзбекистонга келаётгани ҳақида ҳозирча расмий идоралар сукут сақламоқда. QALAMPIR.UZ манбаси Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи жорий йилнинг 26 майига режалаштирилганини айтмоқда.  

Таҳририят ташриф амалга оширилиши ҳақидаги хабарни тасдиқлатиш мақсадида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги билан боғланди. Вазирлик масъуллари буни аниқлаштириб, сўнг алоқага чиқишларини маълум қилишди. 

21 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. 

Ўзбекистон Президенти матбуот хизматининг хабар беришича, икки етакчи мулоқотда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари ҳақида суҳбатлашган. Лекин Ўзбекистон томони Путиннинг ташрифи ҳақида сўз очмаган.  

Ўз навбатида, Кремль матбуот хизмати берган баёнотда Президентлар суҳбат давомида Россия Федерацияси Президентининг Ўзбекистон Республикасига бўлажак давлат ташрифига тайёргарликнинг боришини муҳокама қилгани айтилган. Ташрифнинг қачон экани ҳақида эса аниқ маълумот йўқ.

Ёдингизда бўлса, шу йилнинг февраль ойида Ўзбекистон раҳбари Қозонга бўлган ташрифи давомида Владимир Путин билан учрашган эди. Сайлов олдидан Россия етакчисининг ғалабасига ишонишини айтган Мирзиёев Путинга қарата “биз келишиб олганимиздек, дастлабки ташрифлардан бири Ўзбекистонга бўлади”, деган эди ўшанда.  

Мирзиёев ушбу ташрифга “жуда жиддий” тайёргарлик кўраётгани ва жамоасига  бу ташриф ҳар доимгидек тарихий, барча соҳаларга оид воқеаларга бой бўлиши кераклигини айтгани ҳақида гапирганди. 

7 май куни 6 йиллик президентлик даври учун қасамёд қабул қилган Владимир Путиннинг илк ташрифи Мирзиёев билан келишганидек Ўзбекистонга эмас, балки  Хитой Халқ Республикасига бўлди. 

Шу ўринда эслатиб ўтамиз, Владимир Путин охирги марта Ўзбекистонга 2022 йилнинг 15 сентябрь куни келган эди. Ўшанда ушбу ташриф ҳам амалий (ШҲТ саммити доирасида), ҳам расмий кўриниш касб этганди. Президентлар Ўзбекистон билан Россия ўртасида кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги декларацияни имзолаган. 

Шавкат Мирзиёев эса сўнгги бор жорий йилнинг 8-9 май кунлари амалий ташриф билан Россияда бўлган эди. Сўнгги расмий ташрифни эса 2023 йилнинг 5-7 октябрь кунлари амалга оширган. Ўшанда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Россия Президенти Владимир Путин билан биргаликда Россиядан Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга табиий газ етказиб берилишига старт берилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг