Фермернинг режадан ортиқча ғалласини тортиб олганлар жазоланади — Адлия вазирлиги
Жамият
−
05 Июль 2021
7203 Ўзбекистонда айни пайтда ғалла ўрими ишлари давом этмоқда. Шу ўринда, Адлия вазирлиги QALAMPIR.UZ’га қонунларни менсимасдан, фермернинг режадан ортиқча ғалласини тортиб олаётган айрим мансабдор шахсларга амалдаги қонунчиликни эслатиб, уларга нисбатан жавобгарлик белгилангани ҳақида маълумот берди.
Унга кўра, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунга кўра, фермер етиштирган маҳсулот унинг мулкидир ва у давлат ҳимоясида. Конституциянинг 53-моддасига кўра, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир.
Худди шундай, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида”ги, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги қонунларда ҳам тадбиркор ҳисобланган фермерларнинг мулки давлат томонидан ҳимояланиши кўрсатилган бўлиб, фермерларнинг мулкий ҳуқуқларини бузган шахсларга нисбатан маъмурий (9,8 миллион сўмдан 19,6 миллион сўмгача жарима) ва жиноий (7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш) жавобгарлик белгиланган.
Иккинчидан, режадан ортиқча ғаллани олиш мақсадида фуқароларнинг уй-жойларига уларнинг рухсатисиз кириш Конституциянинг 27-моддасига тўғридан-тўғри зид келади ва айбдор Жиноят кодексининг 142-моддасига кўра 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Учинчидан, Фуқаролик кодексининг 354-моддасига асосан, фермерлар шартнома тузишда эркиндирлар. Шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди. “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунга кўра, фермерлар давлат эҳтиёжлари учун етиштирган ҳосилни контрактация шартномаларида назарда тутилган ҳажмларда етказиб беришга мажбурдир.
Контрактация шартномаларида назарда тутилган мажбуриятдан ортиқ ҳажмда маҳсулот талаб қилиш қонунчилик ҳужжатларига зид ҳисобланади. Шартномавий муносабатлар бўйича вужудга келган низолар фақат ўзаро ёки суд тартибида ҳал этилиши лозим. Бундай ҳолатларда зўравонлик ишлатиш ёки ўзгача усулда ноқонуний мажбурлаш — қонун бузилиши ҳисобланади ва жавобгарликни келтириб чиқаради.
Шу ўринда, Адлия вазирлиги тегишли мансабдор шахслар ва давлат хизматчиларини қонунларни ҳурмат қилишга ҳамда фермерларнинг ҳуқуқларини бузмасликка чақирган. Қонунни менсимаган ва фермерларнинг ҳуқуқларини бузган ҳар қандай шахс жавобгарликка тортилиши ҳақида яна бир маротаба огоҳлантирган.
LiveБарчаси