Фермерларга пахтанинг ҳар бир тоннаси учун 1 млн сўмдан субсидия берилади

Жамият

image

Бугун, 13 август кунидан Ўзбекистонда тўқимачилик соҳасида “долзарб юз кунлик” эълон қилинди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган тўқимачилик соҳасида экспорт имкониятлари ва захираларни ишга солиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Президент топшириғига асосан тўқимачиликда фаолият юритаётган 200 дан ортиқ тадбиркорларнинг фикрлари ўрганилди.

“Уларни қийнаётган масалалар билан тўлиқ танишдим. Ҳозир ечимларини айтаман. Бугундан тўқимачиликда “долзарб юз кунлик” эълон қиламиз”, деди давлат раҳбари.

Қайд этилишича, аввало, аҳволи ёмонлашган айрим корхоналарни молиявий соғломлаштириш ва таннархни камайтириш чоралари белгилаб олинган. Жорий йилда кластерларнинг кредитдан қарздорлигини гаров қўйиш шарти билан 5 йилгача узайтиришга рухсат берилган. Эндиликда гаров қўйган кластерлар фақат асосий қарзни тўлайди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги жамғармаси ва банкларга ҳисобланадиган фоизлар асосий қарз тўлиқ қопланганидан кейин ундирилади. Бу орқали кластерларда йилига 800 миллиард сўм айланма маблағ қолади. Агар кластерлар ҳам асосий қарз, ҳам фоизини ўз вақтида тўласа, фоизнинг Жамғармага кетадиган қисмининг ярми тадбиркорга қайтарилади. 

Кластерларга 2022-2023 йиллар ҳосили учун берилган кредит бўйича 1 август ҳолатига юзага келган 377 миллиард сўмлик пенядан воз кечилади. Тижорат кредитидан 2,2 миллиард доллар мажбурияти бор бўлган 144 та корхонани соғломлаштириш чоралари ишлаб чиқилади. Фаолиятини барқарорлаштириш мумкин бўлган корхоналарнинг кредит муддати 7 йилгача узайтириб берилади.

Шунингдек, пахтани ўз вақтида, нобуд қилмай териб олиш учун фермерларга тоннасига 1 миллион сўмдан субсидия берилади. Корхоналар ўз маблағи ҳисобидан пахта етиштирса ёки харид қилса, хомашё қийматининг 10 фоизи қоплаб берилади.

Бундан ташқари, эндиликда тўқимачилик занжиридаги барча корхоналарга ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз қилиб белгиланади. Бунда, ижтимоий реестр бўйича талаб бекор қилинади, реализацияда тўқимачилик улушига талаб эса 90 фоиздан 70 фоизга туширилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев тўқимачилик пахта

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг