Фашистларнинг ўлим концлагерида 100 дан зиёд ўзбекистонлик сақлангани маълум бўлди

Жамият

image

Польшадаги Аушвиц-Биркенау (Освенцим) немис концлагери ва ўлим лагерлари мажмуасида сақланган ўзбекистонликларни аниқлашга қаратилган тадқиқотнинг биринчи ва энг муҳим босқичи якунига етди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонасига таяниб, “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, 1940-1945–йилларда лагер ҳудудий жиҳатдан немисларнинг Юқори Силезия (ҳозирда Польша ҳудудида, Краков шаҳри ғарбида — таҳр.) жойлашган.

Тадқиқотнинг оралиқ натижаларига кўра, у ерда 100 дан ортиқ ўзбекистонликлар бўлган. Улар лагерга асосан 1941-1942–йилларда тушган. Бугунги кунда Аушвиц-Биркенауда турли сабаблардан: очлик, ўпка, юрак ва ошқозон касалликлари, совуқдан вафот этган 22 нафар ўзбекистонлик маҳбус ҳақида маълумот бор.

Аушвиц-Биркенау шаҳридаги ушбу 22 маҳбус ҳақида батафсил маълумотлар — исм-шарифлари, туғилган жойи, кунлари, ҳарбий қисмларга мансублиги, маҳбусларнинг шахсий рақами, ўлим сабаблари шакллантирилган.

Хабарга кўра, 5 йил давомида тадқиқотлар Ўзбекистоннинг Полшадаги ва Полшанинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари, “Aushwitz-Birkenau Fondation” фондининг раҳбарияти, лойиҳани молиялаштирган Навоий вилояти ҳокимлиги, вилоятнинг бир гуруҳ ихлосмандлари ҳамда полшалик тарихчи ва гувоҳларнинг фаол кўмаги билан биргаликда олиб борилган.

Аушвиц-Биркенау маҳбусларининг қариндошларини аниқлаш бўйича ҳам ишлар олиб борилган бўлиб, Навоий вилоятида ўлим лагерининг 22 нафар маҳбусидан икки нафарининг қариндошлари ва авлодлари топилган.

“Оталари ва боболари тақдири ҳақида хабардор бўлиш ҳам қувончли, ҳам қайғули ҳодиса бўлди. Оилалар узоқ йиллар ўз боболарини излашгани, бироқ натижаси бўлмаганини маълум қилди. Маҳаллий қабристонларда уларнинг рамзий қабрларини ўрнатишга қарор қилинди”, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ҳозирда Ўзбекистоннинг Полшадаги ва Полшанинг Ўзбекистондаги элчихоналари Полша Миллий Хотира институтининг 60 га яқин мутахассислари, тарихчилари ва тадқиқотчиларининг 2021 йил октябрга режалаштирилган Ўзбекистонга ташрифини тайёрламоқда. Тадбир Тошкентдаги Репрессия қурбонларини хотирлаш давлат музейининг фаол иштирокида бўлиб ўтади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

353

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг