Фармацевтика бинт, спирт, шприц, анальгин ва цитрамондан ортмаяпти – Президент
Жамият
−
05 Февраль
7061Ўзбекистон фармацевтикасида ишлаб чиқариш бинт, спирт, шприц, анальгин ва цитрамондан ортмаяпти. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 5 февраль куни ўтказилаётган 2024 йилда таълим, соғлиқни сақлаш, рақамлаштириш, маданият ва спорт соҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида гапирди.
Қайд этилишича, мамлакатда фармацевтика бозори ҳажми 2 миллиард долларга етган. Лекин, бу бозорда маҳаллий маҳсулотлар улуши физик ҳажмда 40-45 фоиз бўлса-да, пул қийматида 20 фоиздан ошмайди.
Оддий қилиб айтганда, ўзимизда ишлаб чиқариш бинт, спирт, шприц, анальгин ва цитрамондан нарига ўтмаяпти. Дориларни яширин айланмаси бўйича етарли чоралар кўрилмаяпти.
Йиғилишда дори воситаларидан фойдаланиш маданиятини юксалтириш ишлари сустлиги кўрсатиб ўтилди.
“Айниқса, антибиотик қабул қилиш устидан назорат умуман йўқ. Протоколларга амал қилмасдан, “пул ишлаш” учун фарм-компаниялар фойдасига рецепт ёзиляпти. Бундан халқимизни соғлиғи ҳам, чўнтаги ҳам зарар кўряпти”, дейди Президент.
Йиғилишда касалга аниқ ташхис қўйиш ва даволашда врачларнинг аксариятида технологик карта мавжуд эмаслиги, айрим протоколлар эса эскиргани кўрсатиб ўтилди. Поликлиника ва шифохоналарда халқ табобати хоналари ва фитобарлар ташкил қилиш ўз ҳолига ташлаб қўйилган.
Шу муносабат билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг Лойиҳа офисига хорижий экспертларни жалб қилиб, 300 та клиник протокол ва стандартларни халқаро мезонларга мослаштириш топширилди.
Оилавий шифокорларга касаллиги енгил бўлган беморларни дори билан эмас, иммунитетни кўтарадиган табиий воситалар, жисмоний машқ ва фитотерапия билан даволашни ўргатиш муҳимлиги таъкидланди.