Фарғонада ўғри “самосуд” қилинди – Бош прокуратура

Жамият

image

Октябрь ойи бошида Фарғона вилоятида навбатдаги “самосуд” юз берди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси Матбуот хизмати хабар берди.

Жорий йилнинг 1 октябрь куни соат 06:30 ларда Аҳмаджон Н. (1991 й.т.) таниши Аваз Х. (1968 й.т.) билан учрашиб, ўзганинг мол-мулкни яширин равишда талон-тарож қилиш мақсадида олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, фуқаро Алижон Т.га тегишли бўлган хонадонга юзларига ниқоб, махсус темир сейфларни очишга мўлжалланган қўлбола усулда тайёрланган темир мослама билан қуролланиб, яширин равишда кириб, уйда бўлган темир сейфни эшигини қайириб очиб, сейф ичида бўлган 12.500.000 сўм пулларни яширин равишда талон тарож қилиб, хона ичида бўлган ёстиқ жилдга пулларни солиб, хонадон ҳовлисини ўраган девор орқали чиқиб кетаётган вақтида хонадонда бўлган Алижон Т.ни турмуш ўртоғи Одина Т. уларни кўриб қолган ва баланд овозда бақириб, ўзининг қўшниларидан ёрдам сўраган. Аҳмаджон Н. ва унинг жиноий шериги хонадон деворидан ошиб, кўчага тушиб қочиб кетишган.

Одина Т.ни ёрдам сўраб бақирган овозини унинг қўшнилари эшитиб, хонадонга киришган ҳамда Аҳмаджон Н. ва Аваз Х. ни ўғирлик содир этиб, хонадондан қочиб кетишганлиги хақида хабардор бўлиб, уларни ушлаш учун ҳозирда тергов давомида шахсларини тўлиқ аниқлаш имкони бўлмаган бошқа қўни-қўшнилари  билан бирга уларни ортидан қувлаб, Олтиқуш қишлоғида жойлашган “Султонбой” боғдорчилик фермер хўжалиги ер майдони ҳудудида ушлаб олишган ва хонадон эгаси Данғара тумани “Мастона” бозорида эҳтиёт қисмлар савдоси билан шуғулланиб турган Алижон Т.га бу ҳақида хабар беришган.

Алижон Т. яшаш хонадонида ўғирлик содир этилганлиги ва жиноятни содир этган шахслар қўлга тушганлигини билиб, зудлик билан “Султонбой” боғдорчилик фермер хўжалиги ер майдонига қариндоши билан биргаликда етиб келиб, қариндоши жиноятни содир этган Аваз Х.ни юзига уриб, ўзлари билан олиб келган арқон ёрдамида уни бўйнидан боғлаб, ўша жойдаги терак дарахтига боғлаб қўйган.

Аҳмаджон Н.ни эса ўша ерга тўпланган ҳозирда тергов ҳаракатлари давомида шахсини аниқлаш имкони бўлмаган маҳалла фуқаролари уриб, ушбу ҳолатни ўзларида бўлган телефонга видео тасвирга олишган. Мазкур видеотасвирлар Telegram ижтимоий тармоғида тарқатиб юборилган.

Ўтказилган тергов ҳаракатлари давомида Аҳмаджон Н. ва унинг жиноий шериги Аваз Х. томонидан яширин равишда ўғирланган 12.500.000 сўм пуллар, мазкур пул солинган 1 дона ёстиқ жилди, 1 дона никоб, 1 дона темир сейни очишда фойдаланилган қўлбола темир мослама ашёвий далил тариқасида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан 1 октябрь куни Данғара тумани ИИБ ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “в,г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Гумонланувчи Аҳмаджон Н. ва Аваз Х. олган тан жароҳатлари юзасидан суд-тиббий экспертиза кўригидан ўтказилган.

Улар ўз кўрсатмаларида Алижон Т.ни хонадонида содир этган ўғирлик ҳолатига тўлиқ иқрор бўлишган ва содир этган қилмишидан пушаймонлигини, уларга тан жарохати етказган шахсларга нисбатан ҳеч қандай даъволари йўқлигини, бу ҳолат ўзларининг айблари билан содир бўлганлигини билдиришган.

Гумонланувчи Аваз Х. муқаддам 2 маротаба судланганлигини ҳисобга олган ҳолда 04.10.2019 йилда процессуал тартибида ушланган ва 05.10.2019 йилда унга ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан айблов эълон қилиниб, “Қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. гумонланувчи Аҳмаджон Н. ва Аваз Х.га тан жарохати етказган шахсларни аниқлаш ва уларнинг ҳаракатларига қонуний баҳо бериш чоралари кўрилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Фарғона самосуд

Баҳолаганлар

83

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг