Фарғонада Президентга ҳунарманд шогирд деб таништирилганлар ҳоким ҳайдовчиси ва мактаб “замдиректори” бўлиб чиқди

Жамият 40493
image
-

Ижтимоий тармоқларда Президент Шавкат Мирзиёев Фарғонага ташрифи давомида Фурқат туманидаги “Уста Юсуфжон наққош” оилавий корхонасида бўлганида олинган суратда давлат раҳбарининг орқасида ўймакор шогирд либосида туман ҳокимининг ҳайдовчиси тургани ҳақида хабарлар тарқалди. Шунингдек Президент билан мулоқот қилган яна бир уста тумандаги 21-мактаб директори ўринбосари экани айтилди.

Фурқат тумани ҳокимлиги Матбуот хизмати мазкур хабарларга муносабат билдирди.

Ҳокимлик ҳақиқатдан ҳам, расмда кўзга ташланган шахс Фурқат туман ҳокимининг ҳайдовчиси Илҳом Аҳмаджонов экани қайд этилган. Шу билан бирга у Ўзбекистон халқ устаси Муҳаммадали Юнусовнинг шогирдларидан бири экани ҳам қўшимча қилинган.

“Илҳом Аҳмаджонов бир йилдан бери Фурқат тумани ҳокимлигида ҳайдовчи бўлиб фаолият кўрсатиб келади. Аввалдан ўзида ўймакорликка, дурадгорликка қизиқиш борлиги сабаб, туманга келгач “Уста Юсуфжон наққош” оилавий корхонасида миллий ёғоч ўймакорлиги санъатини ўрганиш имконияти мавжудлигидан фойдаланиб, шогирд сифатида ҳунар сирларини ўргана бошлаган. Кечаги ташрифда ҳам корхонада доимий фаолият олиб бораётган усталардан ташқари Ҳунармандлар мактабининг қатор ўрганувчилари ҳам бўлишганини эътиборга олганда, Илҳом Аҳмаджоновнинг ҳам улар қаторида бўлиши табиий ҳолатдир. Айтиб ўтиш керакки, Муҳаммадали Юнусовнинг корхонасида ўймакорлик ўрганаётган шогирдларнинг кўплари бошқа касб ҳамда иш эгалари”, дейилади баёнотда.

Ҳокимликка кўра, Президент билан мулоқот қилган Илҳомжон Сулаймонов, фаолияти давомида мактабда меҳнат фанидан ўқитувчи бўлган, ўқувчиларга дурадгорлик ва ўймакорлик бўйича сабоқ берган. 

“Ҳозирда тумандаги 21-мактабда маънавий-маърифий ишлар бўйича 0,75 ставкада директор ўринбосари бўлиб ишлаб келади. Узоқ йиллардан бери амалий ўймакорлик билан шуғулланади, “Уста Юсуфжон наққош” оилавий корхонасида тушдан кейин уста-ўргатувчи лавозимида ишлайди, 10 нафар шогирд бириктирилган”, дейилади расмий хабарда.

Ҳокимлик ижтимоий тармоқларда бундай хабарларни тарқатишдан аввал масалага ойдинлик киритиш учун ҳокимлик Матбуот хизматига мурожаат қилишни сўраган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1965
Рейтинг: 3
t
×