Фарғонада қарийб $300 мингни четга ноқонуний олиб чиқиб кетаётганлар ушланди
3-саҳифа
−
27 Июль 2022
4438Фарғонада қарийб 300 минг АҚШ долларини Қирғизистонга ноқонуний олиб чиқиб кетаётган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Фарғона туманида яшовчи 1985 йилда туғилган Т.Ж. Қўқон шаҳрида ҳозирда шахсига аниқлик киритилаётган фуқародан 152 минг 663 АҚШ долларини олган.
Шундан сўнг, у Қирғизистон Республикасига ўтказиш мақсадида, Фарғона туманида яшовчи 1977 йилда туғилган муқаддам судланган Р.Р.га етказиб бериш учун кетаётган вақтида ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинган.
Шунингдек, ўзбек-қирғиз давлат чегарасига яқин бўлган Фарғона туманининг Миндон қишлоғида кутиб турган Р.Р. ҳам ушланган.
Бошқа бир ҳолатда эса Фарғона туманида яшовчи, М.Ш. Фарғона шаҳрида фуқаро А.Т.дан 140 минг 54 АҚШ долларини олиб, Қирғизистон Республикасида истиқомат қилувчи шахсга етказиб бериш мақсадида “Фарғона-Водил” йўналишида давлат чегараси томон ҳаракатланаётган вақтида тўхтатиб қолинган.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, А.Т. ҳам қўлга олинган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси тергов бўлими томонидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси