Фарғонада фуқаронинг уйи бузиб ташланиши ортидаги асл ҳақиқатлар аён бўлди
Жамият
−
18 Октябрь 2019
9856Аввалроқ, сайтимизда “Тошкентга кетгандим, қайтсам уйим йўқ – фарғоналик иккинчи гуруҳ ногирони дардини кимга айтсин?” номли мақола эълон қилинган эди. Фарғона вилояти ҳокимлиги мазкур мақола ёритилган воқеага ойдинлик киритди. Унда шундай дейилади:
“Олтиариқ тумани Қахрамон МФЙ, Истиқлол кўчасида яшовчи фуқаро Тошбоев Хабибулло Набижоновичнинг ижтимоий тармоқ орқали қилган мурожаати ўрганиб чиқилди. Унда маълум бўлдики, Олтиариқ тумани ҳокимининг 2012 йил 18 август кунги 798-сонли қарори асосида аукцион савдоларида ғолиб бўлган фуқароларга, жумладан Д.Норматова, Ш.Купчаковаларга ҳам ер майдонларига эгалик қилиш ҳуқуқи асосида 800 метр кв майдон ажратиб берилган. Аммо, фуқаро Д.Норматова аслида Ш.Купчаковага тегишли бўлган ер майдонига 1 хонали уй қуриб яшай бошлаган.
Шундан сўнг, Ш.Купчакова ва Д.Норматовалар ўртасида ер майдонига эгалик ҳуқуқи юзасидан судлов жараёни бўлиб ўтган. (Риштон туманлараро, вилоят фуқаролик судлари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди қарор ва ажримлари мавжуд).
Тегишли судларнинг ижро варақаси асосида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Фарғона вилояти Олтиариқ тумани бўлими томонидан 23.05.2019 йил куни мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилиб, ижро ҳужжатида кўрсатилган ноқонуний қурилмалар мажбурий тартибда бузиб ташланган.
Олтиариқ тумани ҳокимлиги икки фуқаро ўртасидаги низони муроса йўли билан ҳал қилишга кўп бор ҳаракат қилган. Туман ҳокимининг 2019 йил 7 август кунги 4565-сонли қарори билан аризачи 2-гуруҳ ногирони эканлигини назарда тутиб, ҳозирда бўш турган 27-, 36-рақамдаги ҳар бир 400 кв.метрдан иборат ер участкаларига икки хонали уй қуриш учун ҳомийлик ҳисобидан бетон пойдевор қуйилишини ва 8000 дона ғиштни девор сифатида урилишини ташкил этди.
Мурожаатчи Хабибулло Тошбоев билан тушунтириш ишлари олиб борилди ва келгусида унинг оиласига ажратилган 27-, 36-рақамдаги ер участкасида қурилиши бошланган уйни битказиб беришда яна қўшимча ёрдам кўрсатилиши хақида билдирилди.
Мурожаатчининг даъвоси икки фуқаро ўртасидаги низо бўлиб, унинг ечими Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ажрими билан қонуний ҳал этилган ва бу низода Олтиариқ тумани, Фарғона вилоят ҳокимликлари ва шахсан Ш.Ғаниев иштирокчи эмаслигини билдирамиз.
Видеомурожаатчи сўзларига қулоқ солинг. У бирон марта ҳам ҳокимлик, ёки Фарғона вилоят ҳокими деган сўзни ҳатто ёнида гап ўргатиб туришса ҳам тилга олмаган. Аксинча, “2019 йил 19 май куни МИБ ижрочилари уйимни бузди” дейди. Бу ерда мурожаатчи Ўзбекистон Руспубликаси Олий суди ва қуйи суд қарор ҳамда ажримлари, МИБнинг суд ҳужжатларига асосан ўз хизмат вазифасини бажарганидан норозилик билдиряпти.
Сўнгги пайтларда интернет тармоқларида ҳеч қандай асоссиз равишда у ёки бу ерда бирон идора ёки шахс йўл қўйган хато-камчиликни Фарғона вилояти раҳбарлари номи билан асоссиз равишда боғлаб шархлаш авж олганидан хавотирлик билдирамиз. Зеро сўзга, ахборотга маъсулиятсизлик билан ёндашув айни чоғда бошқа шахс шаъни, хақ-хуқуқига нисбатан нохақликни келтириб чиқаришини унутмаслик лозим”.
Эълон қилинган материалларда мазкур ҳолатда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев масъулиятсиз муносабатда бўлгани айтилди. Аслида эса вилоят ҳокимининг қўшнилар ўртасидаги ўзаро тортишувга даҳли бўлмагани аниқланди. Қолаверса, суднинг қарор ва ажримларида ҳам ҳокимлик иштироки бўлмаган.
LiveБарчаси