Фарғонада Ҳаж учун виза олиб беришни ваъда қилганлар қўлга тушди

Жамият

image

Фарғона вилоятида ноқонуний Ҳаж визасини олиб бермоқчи бўлган шахслар аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Марғилон шаҳрида фаолият юритувчи туристик фирма раҳбари Я.М. ўзганинг ишончига кириб, уни ва танишини Ҳаж зиёратига юбориш эвазига 16 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, Марғилон шаҳрида фаолият юритувчи бошқа бир туристик фирма ходими А.Т. эса Қўштепа туманида яшовчи фуқарога “Ҳаж-2023” визасини расмийлаштириб бериш эвазига талаб қилинган 10 минг АҚШ долларидан 4 минг долларни олдиндан олган вақтида қўлга олинган.

Бундан ташқари, Бувайда туманида кузатилган ҳолатда Андижон шаҳридаги туристик фирма вакили М.Ж. марғилонлик фуқаронинг онасига “Ҳаж-2023” визасини расмийлаштириб, зиёратга юборишни ваъда қилган. Бунинг эвазига талаб қилинган 8500 доллардан 3 мингини олдиндан олган вақтида қўлга тушган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистонда Ҳаж сафари Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги “Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 364-сонли қарорига мувофиқ Дин ишлари бўйича қўмита ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж вазирлиги ўртасида ҳар йили имзоланадиган шартнома асосида амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида фуқароларга 20 минг АҚШ доллари эвазига Ҳаж визасини тайёрлаб бермоқчи бўлган МЧЖ раҳбарлари ушланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Фарғона Ҳаж визаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг