Фарғона ҳокими вазирлик ваколатини ўз бўйнига олдими?

Жамият

image

Фарғона вилоят ҳокими Ҳайрулло Бозоров Қувасой шаҳридаги давлат мактабгача таълим ташкилотларини озиқ-овқат билан таъминлаш ҳуқуқини, очилганига 9 кун бўлган, “Garden Catering Trade” корхонасига топширди.

“Давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарорига кўра, боғчаларга озиқ-овқат етказишни белгилаш бўйича тендер савдоларини ўтказиш ваколати Мактабгача ва мактаб таълим вазирлигига тегишли.

Қарорга кўра, давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш аутсорсинг (ташқи ресурсдан фойдаланиш) усули асосида амалга оширилади.

“Белгилансинки, давлат мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов натижаларига кўра ташкил қилинади”, дейилган ҳужжатда.

Аммо жорий йилнинг 25 июль куни Фарғона вилояти ҳокими Ҳайрулло Бозоров “Давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Унга кўра, Қувасой шаҳридаги давлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчиларни кейтеринг (тайёр овқат етказиб бериш) усулида овқатлантириш танлов ёки тендер ўтказмасдан “Garden Catering Trade” корхонасига ўтказиб берилди.

Фарғона вилоят ҳокими матбуот котиби Дилмурод Жумабоевнинг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, Ҳайрулло Бозоровнинг қарори ноқонуний эмас. 

“Ўзбекистонда мактабгача таълим муассасаларида овқатланишни ташкил этиш бўйича кейтерий тизимининг маълум бир тартиби йўқ. Асосан, аутсорсинг усулида овқат етказиб беришнинг маълум тартиблари белгиланган бўлиб, бундай корхоналар сони жуда кўп. Кейтерий тизими асосида давлат мактабгача таълим муассасаларига овқат етказиб бериш биргина Тошкент вилоятида тажриба тариқасида йўлга қўйилган ва Фарғонада ҳам 5 ойлик тажриба-синовдан ўтказилмоқда. Чунки фақат Фарғонада эмас, бошқа вилоятларда ҳам кейтерий-ошхона корхонаси умуман йўқ”, деди у.

Матбуот котибининг қўшимча қилишича, давлат мактабгача таълим ташкилотларига овқат етказиб беришнинг аутсорсинг усулидан кейтеринг усулига ўтказилишига боғчаларга етказиб берилаётган таомларнинг ёки озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатсизлиги сабаб бўлган.

“Вилоят ҳокимлиги томонидан ҳудудларда ўрганиш ишлари олиб борилганда озиқ-овқат маҳсулотларининг талон-торож қилингани, санитария-гигиена талабларига амал қилинмагани, сифатсиз маҳсулотлар етказиб берилгани ҳолатлари кузатилди. Шулардан келиб чиққан ҳолда вилоятдаги ягона кейтеринг корхонасига мазкур ваколат берилди. Корхона  аутсорсинг асосида озиқ-овқат билан таъминланмайдиган боғчаларни тайёр овқат билан таъминлайди ва 5 ойлик тажриба-синовдан сўнг ҳисоб-китоб қилинади. У ерда 12 нафар турк ошпазлари, шунингдек, 2 нафар озиқ-овқат технологи фаолият юритади”, деди Жумабоев.

Шунингдек, у корхона раҳбари Иқболжон Бозоров ва вилоят ҳокими Ҳайрулло Бозоров ўртасида қариндошлик алоқалари бор-йўқлиги ҳақидаги саволимизга  “йўқ” дея жавоб берди. Унинг айтишича, улар шунчаки фамилиядош.

Маълумот учун, Фарғона вилояти Қувасой туманидаги “Garden Catering Trade” корхонаси шу йилнинг 16 июль куни ўз иш фаолиятини бошлаган. Унинг очилиш маросимига эса шахсан вилоят ҳокими Ҳайрулло Бозоров ташриф буюриб, корхона фаолияти билан танишган. Орадан 9 кун ўтар-ўтмас корхонага бутун бошли тумандаги давлат мактабгача таълим ташкилотларини озиқ-овқат билан таъминлаш ҳуқуқи берилган.

Ҳулкар Муртазоева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Фарғона ҳокими Ҳайрулло Бозоров мактабгача таълим ташкилотлари кейтеринг

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар