Фарҳод Маннопов ўлими бўйича суд ҳукми ўқилди

3-саҳифа

image

Марҳум блогер Фарҳод Манноповнинг ўлими билан боғлиқ жиноят иши юзасидан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.

Бугун, 29 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида А.Х. (эркак, 1981 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, “Omad Plus” МЧЖга қарашли “Star Med Center” хусусий клиникаси отоларинголог, муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган) ва Ж.Қ. (эркак, 1979 йилда Бухоро вилоятида туғилган, “Omad Plus” МЧЖга қарашли “Star Med Center” хусусий клиникасида анестезиолог-реаниматолог вазифасида ишлаган, уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган)га оид жиноят ишини биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг раиси Д. Комилов раислигида кўриб чиқилди.

Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ А.Х. ва Ж.Қ. Жиноят кодексининг 117-моддаси (хавф остида қолдириш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбсиз деб топилиб, оқланди.

Суд ҳукмига кўра, А.Х. ва Ж.Қ. Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига Жиноят кодексининг 45-моддасини (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) қўллаган ҳолда 2 йил тиббиёт соҳасида тегишлилиги бўйича отоларинголог ва анестезиолог-реаниматолог вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Шунингдек, Ж.Қ.га Жиноят кодексининг 62-моддаси (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари) тартибида ўташ учун 2 йил тиббиёт соҳасида анестезиолог-реаниматолог шифокор вазифасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил 6 ой 27 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси қолдирилиши белгиланди.

Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинди.

Маннопов иши

2023 йилнинг 5 март куни “Mittivine” тахаллуси билан танилган блогер Фарҳод Маннопов 27 ёшида вафот этган эди. У бир неча кун аввал дўстлари билан бассейнда сузаётган вақтида боши ва бурнидан жароҳат олган. Шу сабаб у бурнини операция қилдириш мақсадида Тошкентнинг Чилонзор туманида жойлашган "Star Med Center" хусусий клиникасига мурожаат қилган. Ўшанда Бош прокуратура ҳолатга алоқадор шахсларни батафсил сўроқ қилиш, қўп вақт талаб қилинадиган мураккаб экспертизалар тайинлаш ва бошқа бир қатор тергов ҳаракатларини ўтказмасдан қонуний тўхтамга келиш имкони йўқлиги сабабли Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган текширув натижаларига кўра, Манноповнинг операциясида  иштирок этган анестизиолог ва реаниматолог, пластик жарроҳ шифокори, лаборант шифокорининг малакавий тоифалари ва сертификатлари бўлмагани маълум бўлган эди.

Зангиота туманлараро иқтисодий судида Фарҳод Манноповнинг вафоти ортидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг лицензияни бекор қилишни сўрагани юзасидан иқтисодий суд 15 май куни бошланган эди.

Кейинчалик ижтимоий тармоқларда клиниканинг бир нечта санъаткорлар томонидан реклама қилиниш ҳолатлари кузатилди. Бош прокуратура матбуот хизмати ҳолатга муносабат билдириб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Omad Plus” МЧЖга қарашли “Star Med Center” клиникасига тиббий фаолиятни амалга ошириш учун берилган лицензияни бекор қилиш тўғрисида судга ариза киритилганини маълум қилганди.

2023 йилнинг 2 июнида Зангиота туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан ариза талаби қаноатлантирилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Omad Plus” МЧЖга тиббий фаолиятни амалга ошириш учун берилган 27390032-сонли лицензияси бекор қилиниши белгиланди.

Шундан сўнг “Star Med” клиникаси суд қароридан норози бўлиб, апелляция шикояти билан мурожаат қилди. 2023 йил 13 июль куни Тошкент вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг очиқ суд мажлисида мазкур масала кўриб чиқилди ва судлов ҳайъати томонидан жавобгарнинг илтимосномаси қаноатлантирилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Фарҳод Маннопов Omad Plyus Star Med Centr

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг