Фаластинлик қўлсиз боланинг тасвири йилнинг энг яхши сурати бўлди

Бу қизиқ

image

Икки қўлидан айрилган фаластинлик боланинг расми 2024 йилнинг энг яхши сурати деб топилди. Бу ҳақда “World Press Photo” хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу расм фаластинлик фотограф Самар Абу ал-Уф томонидан суратга олинган. Суратда 2024 йил март ойида Исроилнинг Ғазога ҳужуми оқибатида қўлидан айрилган 9 ёшли Маҳмуд тасвирланган. Кейинчалик унинг оиласи Қатарга эвакуация қилинган, у ерда зарур даволанишни ўтказган Маҳмуд ҳозирда телефондан фойдаланишни, ёзишни ва эшикни оёғи билан очишни ўрганмоқда. Унинг орзуси протез қўллар бўлиб, улар унга оддий бола каби яшаш имконини беради. Фотограф Абу ал-Уфнинг ўзи ҳам Ғазодан Қатарга эвакуация қилинган.

“Ушбу лойиҳа устида ишлаш ўзига хос, аммо жуда оғир тажриба бўлди. Унинг ёрдамида мен фаластинликларнинг Ғазо ташқарисидаги қийинчиликларини кўрсатишга интилдим. Баъзи болалар қўл-оёғидан айрилган, баъзилари оиласидан ажралган, баъзилари етим қолиб, даволанмоқда”, деган фотографнинг ўзи.

Унинг қўшимча қилишича, Ғазо ҳақида бундай ҳикоялар жуда кўп тўпланган.

“Менинг ишимнинг эътироф этилиши бу ҳикоялар бутун дунёга маълум бўлишига, одамлар Ғазода нима бўлаётганини кўпроқ билишига умид беради”, дейди Абу ал-Уф.

Қолаверса, ушбу сурат билан параллел равишда яна бир совринли суратлар ҳам эълон қилинган. Улардан бирида Америка-Мексика чегарасида совуқ ёмғирда исиниб ўтирган хитойлик муҳожирлар тасвирланган. Яна бир сурат Бразилияда олинган бўлиб, иқлим ўзгариши мавзусига бағишланган. Суратда Амазонка яқинидаги қишлоқда яшовчи онасига егулик олиб кетаётган йигит тасвирланган. Илгари у ерга сув орқали бориш мумкин эди, аммо қурғоқчилик туфайли маҳаллий аҳоли энди қуриган дарё бўйлаб икки километр пиёда юришга мажбур бўлмоқда.

Маълумот учун, “World Press Photo” энг нуфузли халқаро фотосуратчилар танлови бўлиб, 1955 йилдан бери давом этиб келмоқда. Унинг мақсади фотожурналистика ва фотоҳужжатчиликда юқори стандартларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришдан иборат. Сўнгги танловда ҳакамлар ҳайъати аъзолари 141 мамлакатдан 3,8 минг нафар фотосуратчи томонидан олинган қарийб 60 мингта суратни кўриб чиққан.


Мақола муаллифи

Теглар

сурат Фаластин Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг