Фаластин ва Исроил уруши: тарихдан келган зиддият

Таҳлил

Бугун Исроил-Фаластин можароси дунё ҳамжамияти диққат марказида бўлиб турибди. Аммо кўпчилик можаронинг сабаби, келиб чиқиш тарихи ва унинг атрофидаги ўйинлардан бехабар ҳолда у ёки бу томонни қоралаяпти.

Фаластин ва Исроил ўртасидаги можаро бугун ёки кеча вужудга келиб қолгани йўқ. Ушбу можаро асрлар мобайнида давом этиб келмоқда. Тарихга назар соладиган бўлсак ХХ аср бошларига қадар Фаластин Усмонли империясининг бир қисми бўлган, ўша даврда Фаластин ҳудудида араблар кўпчиликни ташкил қилган бўлса-да, мусулмонлар, насронийлар ва яҳудийлар бир-бирлари билан ёнма-ён, тинч-тотув яшаб келишган. Балким уч дин вакилларининг ўзаро муроса қилиб яшаб келишига Усмонли империясининг кучли назорати сабаб бўлгандир.

Биринчи жаҳон урушидан сўнг Усмонли турклар империяси парчаланиши оқибатида Фаластин ҳудуди Буюк Британия қўлига ўтди. 1917 йил Буюк Британия дунёнинг турли хил ҳудудларига тарқалиб кетган яҳудийларни Фластин ҳудудида ягона давлатга бирлаштириш таклифини илгари сурди. Бу таклифни дунёнинг гегамон давлатлари бўлмиш АҚШ ва СССР ҳам қўллаб-қувватлади. Ушбу таклиф Европа ва бошқа минтақаларда тарқалиб кетган яҳудийларнинг Фаластинга кўчиб ўтишини кучайтирди. Бундан ташқари, Германия фашистларининг яҳудийларни ер юзидан “қириш” ҳаракатини бошлаши билан кўчада қолган яҳудийлар Фаластин ҳудудини ягона бошпана сифатида кўра бошлади. Иккинчи жаҳон урушидан кейин яҳудийларнинг Фаластин ҳудудида кўпайиб бориши бу ерларда асрлар давомида яшаб келган араблар учун хавф туғдира бошлади ва бу икки миллат ўртасидаги можаро  қуролли тўқнашувларни келтириб чиқарди. Бу эса Буюк Британиянинг тинкасини қуритгани сабаб Араб-Исриол можаросини ҳал қилиш БМТнинг зиммасига тушди.

Яҳудийларнинг давлат тузиш орзуси Иккинчи жаҳон уришидан кейин амалга ошди. Исроил давлатини тузишда бош-қош бўлган БМТ 1947 йил 14 майда Фаластин ҳудудидини иккига араб-Фаластини ва яҳудий-Исроилига бўлиб юборди. Учала дин эътиқодчиларига муқаддас ҳисобланган Қуддус шаҳри халқаро нейтрал зонага айлантирилди ва ушбу шаҳар БМТ назоратига ўтди. Фаластин ҳудудида Исроил давлатининг вужудга келиши барча араб мамлакатларининг хавотирига ва норозилигиа сабаб бўлди. Натижада араблар ва яҳудийлар ўртасида ҳудудий муаммолар бошланди.

Исроилни ўраб турган бир қанча араб мамлакатларининг қаршилигига ва БМТ Ҳавфсизлик Кенгашининг бир неча маротаба огоҳлантиришига қарамай АҚШнинг замонавий қуроллари билан қуроллангнан Исроил тўқнашувларни тўхтатиш ўрнига, доимий равишда Фаластиннинг арабларга тегишли қисми, Сурия, Иордания, Ливан, қолаверса, Миср ҳудуди ҳисобига ўз майдонини кенгайтириб борди. Бугунги кунда Фаластин ҳудудининг 78 фоиз майдони Исроил томонидан эгалланди. Ушбу ҳудудлардан араблар аёвсиз қувилди. Қонли тўқнашув натижасида 400 га яқин тарихий шаҳарлар йўқ қилинди. Қанчадан-қанча тинч аҳоли қурбон бўлди. Ҳозирги кунда аксарият фаластинлик қочқинлар ва уларнинг авлодлари Ғазо сектори, Иордан дарёсининг Ғарбий қирғоғи, шунингдек, қўшни Иордания, Сурия ва Ливанда яшаб келмоқда.

Бугунги кунгача яҳудийлар халқаро кенгашларда Фаластин ҳудудини аждодларининг ватани ҳисобланишини, минг йиллар олдин ушбу ҳудудда яҳудийлар яшаганини, бу заминда уларнинг тўла қонли ҳақлари борлигини айтиб келишади. Ҳоп, агар уларнинг гапларида жон бор, деб қарайдиган бўлсак, унда келинг Американинг қизил танли ҳиндуларидан бошласак. АҚШ янги олам барпо этиш иштиёқида икки аср давомида нақ ўн икки миллон ҳиндуни ёстиғини қуритган. Минг йиллар Америка ҳудудида истиқомат қилиб келган ҳиндуларга нисбатан европаликлар томонидан турли хил қийноқлар, қирғинлар адолатсизликлар амалга оширилган. Тарихчилар европаликларни Америка қитъасига кириб келишини ҳиндуларга нисбатан босқинчилик деб аташади. Шу сабаб улар ҳам аждодларининг Ватани ҳисобланмиш АҚШ ҳудудини талаб қилиши ҳам мантиқийдир.

Бир қарашда икки миллат ўртасидаги ушбу можаро ҳудди поёни йўқдек. Бугунги кунгача Исроил-Фаластин ўртасида тинчлик битими ҳалигача тузилмагани, томонлар муросага кела олмаётганида бир бирини айблашади. Уларнинг фикрича, Исроил бутун Қуддусни ўзининг пойтахти деб билади, фаластинликлар эса шарқий Қуддусни келажакда Фаластин давлатининг пойтахти бўлади, деб орзу қилишади. Лекин бугунги кунда сиёсий позициялардан кўриниб турибдики, Фаластиннинг Қуддус борасидаги орзуси орзулигича қолиши эҳтимоли юқори. Чунки 1967 йилдаги олти кунлик қуролли тўқнашувдан сўнг Қуддуснинг ғарбий қисми Исроил давлатига ўтган. Ҳозирги кунда ушбу ҳудудда 600 000 яқин яҳудий истиқомат қилади.

Икки давлат ўртасида ечими қийин бўлган бир нечта муаммолар бор булар: Ғазо, Иордан дарёсининг Ғарбий қирғоғи, шунингдек, қўшни Иордания, Сурия ва Ливанда қочқинликда яшовчи фаластинликларнинг мавҳумлигича қолаётгани. Улар аждодлари яшаган ҳудудларга қайтадими? Исроил ёнида Фаластин давлати қад кўтарадими? Бунга Исроил рози бўладими? Қуддусни иккита давлат бўлиб олиши керакми ёки, энг мураккаби, Фаластинни давлат деб тан олиш керакми? Ушбу саволларга аниқ ва амалий жавоб бўлмагунча яқин келажакда икки миллат ўртасида тинчлик бўлмаслиги аниқ. Араб-Исроил зиддиятининг эътиборсиз қолдириб бўлмайдиган яна муҳим жиҳати томонлар ўртасида дин томонлама ҳам қарама-қаршилик мавжуд. Ушбу ҳудудда йирик давлатлар манфаатларининг тўқнашгани эса Исроил-Фаластин можаросини ечими йўқ ҳолга келтиради. Фаластин ҳудудининг аксарият қисми чўл ва унумсиз ерлардан ташкил топган бўлса-да, лекин нефтга бой ҳудуди минтақанинг араблар назоратидаги ерлари остида турибти.

Исроил-Фаластин можаросининг кескинлашиши

Жорий йилнинг 7 май – Рамазон ойининг охирги Жума куни, Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди атрофида тартибсизликлар бошланди. Бунга Исроил полицияси томонидан фаластинлик араблар таровеҳ намозини ўқиётган ушбу масжидга ҳужум қилингани сабаб бўлди. 

Шундан сўнг, Ғазони назорат қилувчи фаластинликларнинг ҲАМАС ҳаракати Исроилни огоҳлантирди: Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ва Шайх Жарроҳ маҳалласидан аскарларни олиб чиқиб кетиш учун маҳаллий вақт билан соат 18:00 гача муддат қўйди.

Шарт бажарилмагач, 10 май куни ушбу ҳаракат Исроилнинг бир қатор шаҳарларини 45 та ракета билан ўққа тутди. Бироқ Исроилнинг ҳаво ҳужумига қарши “Темир гумбаз” мудофаа тизими ушбу 45 ракетанинг катта қисмини осмоннинг ўзида зарарсизлантирди. Баъзилари эса аҳоли яшаш пунктига тушди. Вақт ўтиши ва икки ўртадаги зиддият ортиб бориши билан бу сценарий кўп марта такрорланди. ҲАМАС ракета учираверди, Исроил унинг катта қисмини зарарсизлантириб, қарши ҳужум билан жавоб қайтараверди.

Исроил судининг биргина қарори ва масжидга қилинган ҳужум шундай шиддатли ҳарбий ҳаракатларни келтириб чиқарди. Оқибатда эса Ғазо секторида яшовчи 126 араб ҳалок бўлди, 1000 га яқин жароҳат олди.

Халқаро муносабат

Таъкидлаш жоизки, халқаро муносабатларнинг баъзи иштирокчилари ушбу масалада фақат тил учида муносабат билдирган бўлса, бошқалари Исроилни ҳатто террорда айблади. 

Айниқса, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ушбу масалада фаол: бир қатор исломий давлатлар раҳбарлари билан Исроилнинг хатти-ҳаракатларини муҳокама қилди, Арманистонга қарши урушда Туркия Озарбайжонни қандай қўллаган бўлса, Исроилга қарши курашда Фаластинни ҳам шундай қўллашини маълум қилди. 

Кейинчалик, Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний Исроилнинг Шарқий Қуддус ва Ғазодаги сўнгги ҳужумларига муносабат билдириб, Миср ва Иорданиянинг ҳаракатсизлигини танқид қилди. У Исроил ҳукуматини “қонхўр сионист” деб атади. Шунингдек, Эрон ҲАМАС ташкилотини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ваъда берди.

Исроилнинг “тутинган акаси” АҚШ эса ҳар икки томонни ҳам вазиятда айбдор деб, можарони тугатишга чақирди. Европа Иттифоқи эътиборини фаластинликларнинг ноқонуний кўчирилишига қаратди. Хитой эса бу вазиятда Фаластиннинг ёнидан жой олишини эълон қилди.

Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистон Ал-Ақсо масжиди атрофидаги вазиятни ҳурмат қилишга, Ўзбекистон эса ушбу масжид дахлсизлигини таъминлашга чақирди.

Шохрух Олимжонов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

252

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг