Фақат гапирилган, қишлоқдаги муаммоларни ҳал этишга жиддий ёндашилмаган – Сенат раиси
Жамият
−
28 Февраль 2019
4189Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлиси давом этмоқда. Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев қишлоқ жойлардаги шароитга тўхталди.
“Эътибор беринг: биз аҳолининг асосий қисми қишлоқ жойларда истиқомат қилиши боис, қишлоқ аҳли тўқ ва фаровон яшаса, бу жиҳат бутун мамлакат тараққиётининг кўзгуси бўлиши ҳақида кўп йиллар гапириб келдик.
Бироқ, тан олиш керак, қишлоқ аҳлини қийнаётган муҳим муаммоларни комплекс ҳал этишга жиддий ёндашмадик”, дейди у.
Сенат раиси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва халқ билан мулоқот ўрнатишдаги намунаси сабаб қишлоқлардаги ҳақиқий шароит ўртага чиққани, баландпарвоз гаплар ўрнига, амалий ишга ўтилганини қайд этди.
“Халқ билан мулоқот давлат сиёсати даражасига кўтарилганидан кейингина биз қишлоқ аҳолиси қандай оғир шароитларда кун кечираётганига яна бир карра амин бўлдик.
Бундай шароитни тубдан яхшилашга қаратилган,аниқ режалар ва молиявий манбалар асосида амалга оширилаётган ишлар эса, қишлоқ аҳли турмушида том маънодаги инқилобий ўзгаришларни бошлаб берди.
Ўтган йилнинг ўзида 3 трлн сўмлик маблағ эвазига 420 га яқин қишлоқнинг янгича қиёфага киргани фикримиз далилидир.
Муҳтарам Президентимизнинг қарорига мувофиқ эса,жорий йилда 4,8 трлн сўм харажат эвазига159 та тумандаги қарийб 480 та қишлоқ, таъбир жоиз бўлса, қайтадан дунёга келади.
Шу ўринда яна бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Замонавий иқтисодиёт ривожи ва халқ фаровонлигининг муҳим омилларидан бўлган инвестицияларни янада кенг жалб этиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири сифатида белгиланган.
2019 йилнинг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб номланиши замирида ҳам ана шу вазифа бажарилишини сўзсиз таъминлаш мақсади ётибди.
2019 йилги инвестиция дастури асосида барча манбалар ҳисобидан 112,2 трлн. сўмликдан зиёд ёки 2018 йилга нисбатан 16 фоиз кўп инвестицияларни ўзлаштириш мўлжалланмоқда.
Мазкур капитал қўйилмаларининг 34 трлн. сўмликдан кўпроғи тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир.
Қолаверса, мамлакатимиз йил бошидаёқ ушбу йўналишда оламшумул ютуққа эришиб, ўзининг молиявий тарихидаги янги саҳифасини очди: 13 февраль куни Ўзбекистон илк бор 1 млрд. долларлик давлат облигацияларини Лондон фонд биржасига муваффақиятли жойлаштирди.
Натижада мамлакатимизнинг давлат халқаро евробондларига талаб 8 млрд. доллардан ошиб кетди”, дейди Йўлдошев.
LiveБарчаси