Этник гуруҳ билан тўқнашувда 5 аскар ҳалок бўлди – Мьянмада вазият қай аҳволда?

Олам 2547
image

Мьянмада ҳарбий тўнтаришга қарши бўлган этник қуролли гуруҳ – Качин Мустақиллик армияси (КМА) билан тўқнашувда беш аскар ҳалок бўлди. Тўқнашув мамлакат шимолидаги Качин штатининг Сумпрабум ҳудудида содир бўлган ва 16 апрель тунидан эртаси куни эрталабгача давом этган.

Маҳаллий қуроли гуруҳ вакили тўқнашувда Мьянма армиясининг 30 аъзоси иштирок этганини айтган. Қуролли гуруҳ сафидаги қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган.

Аввалроқ, Мьянмада 20 та этник қуролли гуруҳ, шу жумладан КМА ҳарбий тўнтаришга қарши норозилик намойишларини ўтказган ва намойишчиларни ҳимоя қилиш ниятида бўлган.

Айни пайтда Мьянмадаги ҳарбий тўнтаришга қарши намойишларни бостиришда ўлганлар сони 730 кишига етган. Бу ҳақда Мьянмадаги сиёсий маҳбусларга ёрдам берувчи инсон ҳуқуқлари ассоциацияси томонидан тайёрланган ҳисоботда айтилган. Биргина охирги 24 соатнинг ўзида норозилик акцияларининг тарқалиши пайтида икки киши ҳалок бўлган.

Шу билан бирга, 3152 нафар намойишчи ҳанузгача ҳибсда сақланмоқда, 871 кишини ҳибсга олиш тўғрисида ордер берилган.

Мьянмадаги тўнтариш

Мьянмада жорий йилнинг 1 февраль куни армия Ташқи ишлар вазири ва давлат маслаҳатчиси Аун Сан Су Чжи ва бошқа юқори лавозимли амалдорларни ҳибсга олиб, ҳокимиятни эгаллаб олганини эълон қилди. Ҳозирда мамлакатда ҳокимият Мьянма Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи Мин Аун Хлайннинг қўлида.

Ҳарбийларнинг таъкидлашича, давлат тўнтариши 2020 йил 8 ноябрда бўлиб ўтган сайловларда катта миқдордаги фирибгарликлар ҳақидаги даъволарга жавобдир. Тўнтаришдан кейин мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Мьянмани бир йил давомида ҳарбий хунта бошқаради. Мамлакатдаги ҳарбий тўнтариш оқибатида 24 вазир ва уларнинг ўринбосарлари ўз лавозимларидан маҳрум бўлди. Кейинчалик, 1 апрель куни ҳарбий хунта бир ойлик сулҳ эълон қилди.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 63
Рейтинг: 2.9
t
×