Эроннинг Жанубий Корея билан муносабатлари Президент Юннинг нутқи ортидан ёмонлашди
Олам
−
19 Январь 2023
9548Жанубий Корея Президенти Юн Сук Ёлнинг Эронни Бирлашган Араб Амирликларининг душмани деб атагани Ислом республикасининг норозилигига сабаб бўлди. Бу ҳақда “Reuters” нашри Эрон давлат матбуотига таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, Юн Сук Ёль шу ҳафта бошида Абу-Дабида жойлашган Жанубий Корея қўшинлари билан суҳбатда Жанубий Корея ва БАА “жуда ўхшаш” шароитда эканини, уларнинг ҳар бири Шимолий Корея ва Эронга “душман, энг катта таҳдид” сифатида қарашини айтган. Унинг сўзлари Сеул ва Теҳрон ўртасидаги муносабатлар совуқлашишига туртки бўлди.
Манбаларга кўра, Эрон ташқи ишлар вазирининг ҳуқуқий масалалар бўйича ўринбосари Ризо Нажафи кеча, 18 январь куни Жанубий Корея элчиси Юн Канг Хённи чақиртириб, Юннинг “интервенционистик сўзлари”га норозилик билдирган. Нажафи Эроннинг Форс кўрфазидаги аксарият мамлакатлар билан чуқур илдиз отган дўстона муносабатларига ишора қилиб, Юннинг бундай изоҳларини “минтақадаги тинчлик ва барқарорликка путур етказади” деб таърифлаган.
“Жанубий Кореянинг қайд этилган муаммоларни ҳал қилиш учун самарали чоралар кўрмагани Эронни ўз муносабатларини қайта кўриб чиқишга олиб келади”, деган Нажафий.
Юн маъмурияти унинг юқоридаги сўзларини изоҳлаб, аскарларни рағбатлантириш мақсадида айтилганини маълум қилган. Жанубий Корея мухолифати эса воқеани “дипломатик фалокат” деб қоралаган. Ҳатто Юннинг ўз партиясидан чиққан баъзи депутатлар ҳам Президентни эҳтиёткорроқ бўлиши кераклигини айтган.
Маълумот учун, Жанубий Корея бир пайтлар Эроннинг Осиёдаги энг йирик хомашё харидорларидан бири бўлган. Бироқ АҚШ санкциялари остида Эроннинг қарийб 7 миллиард долларлик маблағлари Жанубий Корея банкларида музлатиб қўйилгани алоқаларни ёмонлаштирган. Шунингдек, Эрон ва Шимолий Корея ўртасида қурол савдоси бўлгани ҳақидаги гумонлар ҳам “оловга мой сепган”.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь