Эроннинг 16 вилоятида афғонларга яшаш тақиқланди

Олам

image

Эрон ҳукумати афғон фуқароларининг мамлакатнинг 16 вилоятига киришини тўлиқ тақиқлаганини эълон қилди. Бу ҳақда “Iranintl” сайти хабар берди.

Кирмоншоҳ вилоятининг Фуқаролик ва чет эл фуқаролари масалалари бўйича бош директори Ҳамза Сулаймоний жорий йилнинг 3 декабрь куни янги чиқарилган кўрсатмага кўра, ҳозирда вилоятларда, жумладан, Кирмоншоҳда афғон фуқароларини киритиш ва ишга жойлаштириш тақиқланганини тасдиқлади.

Кирмоншоҳда рухсат этилмаган фуқароларни аниқлаш, ҳибсга олиш ва депортация қилиш бўйича саккиз босқични ўз ичига олган кўрсатма йил бошидан (21 март) бери давом этмоқда.

“Кўп сонли уй-жой қурилиши лойиҳалари, иссиқхоналар, отхоналар ва чорвачилик фермалари режа бўйича текширувдан ўтказилди, бу эса афғон ишчиларининг ҳибсга олиниши ва вилоятдан ҳайдалишига олиб келди”, дейди Сулаймоний.

Шунингдек, у, ушбу шахсларга иш берувчилар ҳам ҳибсга олингани ҳақида хабар бериб, кўрилган чораларнинг жиддийлигини қайд этган.

Маълумотларга кўра, асосан миллий озчиликлар (озарбайжонлар, курдлар, балучлар) истиқомат қиладиган Шарқий ва Ғарбий Озарбайжон, Ардабил, Занжон, Курдистон, Гилон, Мозандарон, Систон ва Балужистон каби йирик вилоятларда афғонлар яшай олмайди.

Бир вақтнинг ўзида Президент Иброҳим Раисий маъмуриятининг Ички ишлар вазири Аҳмад Воҳидий Эронда "ноқонуний" яшаётган 400 000 га яқин муҳожирлар чиқариб юборилганини маълум қилди. Бироқ уларнинг қайси мамлакат фуқароси экани ва ўз ватанига қайтиш муддати ҳақида маълумот берилмаган.

Октябрь ойида Эронда афғон муҳожирларига нисбатан таъқибларни тўхтатишни талаб қилиб, 540 дан ортиқ санъаткорлар, ҳуқуқшунослар, шифокорлар, журналистлар ва бошқа фаоллар митинг ўтказганди. Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти, айниқса, афғон аёллари ва қизлари фақат жинсига қараб таъқиб ва зўравонликка дучор бўлган жиддий хавфлар ҳақида огоҳлантирди.

Шу йилнинг 29 ноябридан 3 декабригача 16 минг афғон қочқин Эрондан депортация қилинган эди.

Эрон парламенти тадқиқот маркази экспертининг сўзларига кўра, сўнгги йилларда афғон қочқинлари чегарадан оқиб ўтмоқда, уларнинг умумий сони ҳозирда олти-етти миллионни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистон ва Эрон ўзаро маҳбусларни алмашганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Афғонлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг