Эронда яна намойишлар авж олди (видео)   

Олам

image

2022 йил сентябрь ойида бошланган Эрондаги намойишлар сўнгги ҳафталарда босилгандай кўринган эди, бироқ 16 февраль куни кечаси яна авж олди. Кеча, 17 февраль куни интернетда намойишчилар Ислом Республикасини ағдариб ташлашга чақираётгани тасвирланган видеолар тарқалди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, намойишлар Теҳроннинг бир қанча маҳаллалари ҳамда Хузистон вилоятининг Караж, Исфахон, Қазвин, Рашт, Арак, Машҳад, Санандаж, Қорве ва Изеҳ шаҳарларида бўлиб ўтган. Одамларнинг норозилигига ўтган ойда икки намойишчи – Муҳаммад Меҳди Карами ва Муҳаммад Ҳусайнийнинг қатл этилгани сабаб бўлган. Машҳад шаҳридан олингани айтилган видеода намойишчилар:

“Шаҳид укам, биз сизнинг қонингиз учун қасос оламиз” деб ҳайқираётгани акс этган.  

Таъкидлаш жоизки, узоқ давом этган тартибсизликлар тўлқини 1979 йилги инқилобдан бери Эрон учун энг кучли муаммолардан бирини келтириб чиқарди. Сўнгги ҳафталарда тартибсизликлар куч ишлатиш ва қатл этиш амалёти туфайли камайган бўлсада, фуқаролик бўйсунмаслик ҳаракатлари давом этмоқда. Теҳрон ва бошқа шаҳарларда тунда ҳукуматга қарши шиорлар янграмоқда.

Ҳуқуқ фаолларининг айтишича, сентябрь ойидан бери 500 дан ортиқ намойишчи ўлдирилган, улардан 71 нафари вояга етмаган болалар бўлган. 20 мингга яқин киши эса ҳибсга олинган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ 22 ёшли карате чемпиони Карами ва болалар мураббийи Ҳусайний Басиж ҳарбийлашган кучлари милицияси аъзосини ўлдиришда айбдор деб топилган ва ўлимга ҳукм қилинган эди. Халқаро Амнистия Карамийни айблаган суд мажбурий иқрорларга таянганини айтган, Ҳусайнийнинг адвокати эса мижози қийноққа солинганини маълум қилганди.

Маҳса Амини вафоти ва намойишлар 

Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Эронда ахлоқ полицияси томонидан нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олинган 22 ёшли талаба Маҳса Амини вафот этди. Унинг вафотидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланди.

Намойиш сифатида бутун мамлакат бўйлаб аёллар ҳижобни ёқиб, сочларини кесди. Ушбу норозилик дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам акс-садо берди. Намойишчилар кўчаларни тўсиб, хавфсизлик кучларига тош отди, полиция машиналари ва ахлат қутиларига ўт қўйди, ҳукуматга қарши шиорлар айтди.

Амини пойтахтда Эрон ахлоқ полицияси томонидан аёлларнинг сочларини ҳижоб ёки рўмол, қўл ва оёқларини кенг кийим билан ўрашни талаб қилувчи қонунни бузганликда айбланиб ҳибсга олинган эди.  

Қўлга олинганидан уч кун ўтгач, Амини вафот этди. Расмийларга кўра, ўлимга "юрак етишмовчилиги" сабаб бўлган. Аммо марҳумнинг қариндошлари қизнинг юрагида ҳеч қачон муаммо бўлмаганини даъво қилмоқда. Улар жабрланувчи калтаклаш оқибатида вафот этган, деб тахмин қилмоқда. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари вазифасини бажарувчи Нада Ал-Нашиф Амини полиция томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарларга ишора қилди. 

Америка Қўшма Штатлари ҳибсга олингандан кейин вафот этган эронлик Маҳса Амини ўлими сабабли Эроннинг ахлоқ полициясига қарши санкциялар киритди. Кейинроқ Канада ҳам бир неча ўнлаб Эрон расмийлари, бизнес вакиллари, шунингдек, Эрон ахлоқ полициясига қарши санкциялар жорий этишга қарор қилди. 

Эронда унинг ўлимидан сўнг бутун мамлакат бўйлаб мисли кўрилмаган норозилик тўлқини кузатилди. Уч ой ичида митинг ва юришлар 157 та шаҳар ва аҳоли пунктларини қамраб олган.  Уларнинг иштирокчилари демократик ўзгаришларга чақириб, ҳукумат томонидан амалга оширилаётган репрессияларни қоралади ва ҳибсга олинганларни озод қилишни талаб қилди. Сентябрь ўрталаридан бери Эронда жами 18,5 минг киши ҳибсга олинган. Тартибсизликларни бостириш вақтида 507 нафар фаол ва 66 нафар хавфсизлик хизмати ходими ҳалок бўлган.

Алибек Бейжанов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Эрондаги намойишлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг