Эронда 7 та ҳарбий кема ёниб кетди. АҚШ ва Исроил саботажда гумонланяпти

Олам

image

Эрон жанубидаги Бушер шаҳрида портлаш ва унинг ортидан бошланган ёнғин оқибатида еттита ҳарбий кема ёниб кетди. Ҳодисада ким жароҳатланмаган, ёнғин сабаби ҳозирча номаълум. “Fox News”нинг ёзишича, Бушерда Эрондаги ягона атом электр станцияси жойлашган.

Охирги ҳафталарда Эронда мамлакат ядро дастурига бевосита ёки билвосита алоқадор саноат корхоналари ва ҳарбий объектларда қатор шу каби ҳодисалар содир бўлди.

13 июль куни тарихий Хуросон вилоятида табиий газ ишлаб чиқаришга алоқадор объектда портлаш юз берди. 4 июль куни Эрон ғарбидаги электр станцияда портлаш оқибатида ёнғин келиб чиқди. Бир кун олдин эса, Натанзедаги уранни тўйинтирувчи корхонада портлаш содир бўлган. Июнь охирида Парчиндаги ҳарбий базада газ портлаганди. Аммо бу ҳодисаларда қурбон бўлганлар ҳақида маълумот берилмаган.

Кўплаб таҳлиличилар бу ҳодисалар ўзаро алоқадор ва Исроил, АҚШ ёки Эроннинг бошқа бирор ташқи душмани томонидан олиб борилаётган саботажнинг бир қисми деб ҳисобламоқда. “The New York Times” газетаси разведкадаги манбасига таяниб, Натанзедаги портлашни Исроил махсус хизмати уюштирганини ёзди.

Маълумот учун, Эрон ва АҚШ муносабатлари Дональд Трамп ҳокимиятга келиши билан кескинлашди. У Американи Эрон ядро дастури бўйича битимдан олиб чиқиб кетди. 2020 йил бошида мамлакатлар уруш ёқасига келиб қолди. Бунга Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпусининг “Ал-Қудс” махсус бўлинмаси қўмондони Қосим Сулаймонийнинг Бағдодда АҚШ ҳаво ҳужуми натижасида ўлдирилиши сабаб бўлди. Бунга жавобан Эрон Ироқдаги АҚШ базаларини бомбардимон қилди. Ҳужумлар натижасида унда ҳеч ким ҳалок бўлмади.


Мақола муаллифи

Теглар

ёнғин кема

Баҳолаганлар

193

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг