Эрон ЕИ таклифларини қабул қилиш шартини айтди

Олам 6167
image

Расмий Теҳрон, Эроннинг қатор соҳалардаги талаблари инобатга олинса, Европа Иттифоқи томонидан ядровий битимни тиклаш бўйича таклиф қилинган ҳужжатни мақбул кўриши мумкин. Бу ҳақда IRNA ахборот агентлиги эронлик дипломатга таяниб, хабар бермоқда. 

Дипломатнинг сўзларига кўра, Теҳронга кафолатлар, жумладан, “МАГАТЭ фаолияти билан боғлиқ сиёсий масалалар, санкциялар” бўйича кафолатлар берилса, Эрон ЕИ таклифларини қабул қилишга тайёр. Эрон ҳозирда ушбу таклифларни ўрганмоқда.

Аввалроқ ЕИ дипломатлари Эрон билан ядровий келишувни тиклаш бўйича ҳужжатнинг якуний матнини ишлаб чиққани хабар қилинганди.

Эрон ядровий келишуви

2015 йилда Эрон ва олтита (БМТ Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси ва Германия) халқаро воситачилар Биргаликда комплекс ҳаракатлар режасини имзолаган. Келишувга кўра, Теҳрон халқаро ва бир томонлама санкцияларни бекор қилиш эвазига ўз ядровий дастурини фақат тинч мақсадларда ривожлантиришни чеклаши керак.

АҚШ Президент Дональд Трамп бошчилигида 2018 йилда Биргаликда комплекс ҳаракатлар режасидан бир томонлама чиқиб кетди ва Эронга қарши санкцияларни, жумладан, нефть секторига қарши санкцияларни қайта жорий қилди, бу эса Теҳронни келишувнинг айрим шартларидан воз кечишга мажбур қилди. АҚШнинг амалдаги Президенти Жозеф Байден маълум шартлар остида келишувга қайтишга тайёрлигини маълум қилди.

Эрон, Буюк Британия, Германия, Хитой, Франция ва Россия Федерацияси Венада Биргаликда комплекс ҳаракатлар режасини тиклаш мақсадида бир неча музокаралар ўтказди. Қўшма Штатлар уларда бевосита иштирок этмайди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 143
Рейтинг: 3
t
×