Эрон Трамп таҳдидларидан сўнг АҚШ билан музокараларни тўхтатди
Олам
−
22 июн 3796 2 дақиқа
Эрон делегацияси АҚШ Президенти Дональд Трампнинг таҳдидли баёнотларидан сўнг Швейцарияда ўтаётган музокаралар жойини тарк этди. Бу ҳақда Эроннинг “Tasnim” агентлиги хабар берди.
Агентлик манбасига кўра, Трампнинг баёнотлари Швейцариядаги музокараларни тўхтатиб қўйган ва уларнинг кейинги тақдири борасида ноаниқлик юзага келтирган.
Бироқ “Axios” журналисти Барак Равид маълумотига кўра, томонлар ўртасидаги музокаралар ҳануз давом этмоқда. ТАСС манбаси эса Эрон делегацияси музокаралар залини тарк этганини, аммо учрашув расман якунланмаганини билдирган.
Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф АҚШни баёнотларида эҳтиёткор бўлишга чақирган. Унинг таъкидлашича, Эрон армияси ҳар қандай таҳдидга бошқача жавоб қайтаришга тайёр.
“Улар таҳдидларининг самарали бўлганида, бугунги даражадаги умидсизликка тушиб қолмаслигини тушунмаяптими? Биз америкаликларнинг таҳдидларини жиддий қабул қилмаймиз”, деди Ғолибоф.
“Tasnim” агентлигининг қайд этишича, Трампнинг баёнотлари АҚШ ва Эрон ўртасидаги ўзаро англашув меморандуми биринчи бандига зид. Ушбу бандда томонлар бир-бирига нисбатан таҳдидлардан тийилиш мажбуриятини олган.
Эрон делегацияси аъзоси Ҳусайн Ғурбонзода давлат телевидениесига берган интервьюсида музокараларда Эроннинг музлатилган активлари ҳамда нефтьга оид санкцияларни юмшатиш масалалари муҳокама қилинганини маълум қилган.
“Швейцарияда нефть ва унинг ҳосилаларига нисбатан санкциялар бўйича вақтинчалик енгиллик бериш масаласини муҳокама қилдик ва бу борадаги якуний таклиф лойиҳаси тайёрланди”, деган у.
Маълумот учун, музокаралар 21 июнь куни Швейцарияда бўлиб ўтди. Биринчи раунд якунлангач, делегациялар маслаҳатлашувлар учун танаффус олган.
Трамп аввалроқ эронлик музокарачилар билан боғланиб, Ҳурмуз бўғози очиқ қолиши кераклигини талаб қилган. Шунингдек, у Эрон “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатини молиялаштиришни тўхтатмаса, АҚШ томонидан “ўтган ҳафтадагидан ҳам кучлироқ зарба” берилишини айтган.
АҚШ Президенти, шунингдек, Эрон Президенти Масъуд Пезешкиённинг уранни бойитиш ҳуқуқи ҳақидаги баёнотларига ҳам муносабат билдириб, уни “сўзларига эҳтиёт бўлишга” чақирган.
Live
Барчаси