Эрон Суриядан айрилганини “ҳазм қилдими?”
Таҳлил
−
06 Май 11885 14 дақиқа
Узоқ йиллар давомида Сурия бошқарувида ва унинг ерларида расмий Дамашқдан кам бўлмаган таъсирга эгалик қилган Эрон Асад режими қулашини жуда катта йўқотиш сифатида қабул қилди. Мамлакатнинг янги раҳбари Аҳмад аш-Шара билан ҳеч қандай муносабатларни йўлга қўймади ва ҳозир ҳам икки ўртадаги алоқалар мана шу кўринишда қолмоқда. Теҳрон, айниқса, бу ўзгаришлар ортидан Суриядаги воқеаларнинг асосий бенефициари сифатида кўрилган Анқарадан ҳам очиқчасига норози бўлди. Бироқ Дамашқда воқеалар ривожи Эрон мақсадларига тескари тарзда ўзгаришда давом этди. Шара ўз ҳокимиятини ортда қолган ойлар мобайнида мустаҳкамлаб борди. Бу орада Суриядаги яна бир асосий ўйинчи – Россия ҳам тақдирга тан берди. Кремль Дамашқдаги янги раҳбарият билан алоқаларни ўрнатишга, келишиб ишлашга ва ҳатто мамлакатдаги ҳарбий ҳамда стратегик иштирокини сақлаб қолишга интилди. Москва бу борада янги ҳукумат билан муносабатларни ўрнатишга интилди. Ҳатто ҳар йили ўтказиладиган “прямая линия” анжуманида Путин Сурияда ҳокимият тепасига террорчилар келмаганини қайд этиб, Асаднинг ҳукмронлик даврини режим деб атади. Албатта, бу ўзгаришларни кузатиб турган Теҳрон оқимга қарши сузишдан фойда йўқлигини пайқамоқда ва мавжуд йўналишга қўшилишдан бошқа иложи йўқ ҳам. Чунки бугун Сурияда 5 ой олдинги шароит мавжуд эмас. Энди мамлакат мутлақо бошқа бошқарув ва янги ҳамкорлар, қудратли кураторлар йўриғида. Аммо расмий Теҳроннинг бунга кўникиши жуда кўп вақтни талаб қилди. Шундай бўлса-да, бугунга келиб ниҳоят форс етакчилари Суриядаги янги ҳақиқатларни “ҳазм” қила бошлади. 19 апрель куни бунинг исботи ўлароқ Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи расмий Теҳрон Суриянинг ҳозирги ҳукуматига қарши эмаслиги ва керак бўлса унга инклюзив ҳукумат тузишда ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди. Ароқчи Эрон ҳозирги Сурия вакиллари билан ҳозирча ҳеч қандай алоқа ўрнатмаганини ҳам эслатиб, мамлакатдаги вазиятдан хавотирдалиги ва у ерда хавфсизлик ҳамда барқарорлик таъминланишидан манфаатдорлигини ҳам қўшимча қилди. Хўш, шу пайтгача Эрон Сурияда қандай устунликларга эга бўлган? Бу ер улар учун қай даражада муҳим бўлган? Мазкур таҳлилий материалда Эроннинг Суриядаги узоқ йиллар давом этган “саргузаштлари” батафсил баён қилинади.
Сурияни орқа ҳовлига айлантириш
Яқин Шарқ харитасига назар ташланса, қулай географик жойлашув ва минтақадаги энг муҳим йўлларни ўзида жам қилган мамлакат сифатида Сурия билан тенглашиши мумкин бўлган давлатни топиш қийин. Қирғоқларини Ўрта Ер денгизи ювиб туриши, минтақадаги 5 та давлат билан чегарадошлик ва логистикадаги энг асосий таъсирчан бўғин ҳисобланиши Сурияни геосиёсий ўйинлар учун ўта жозибадор аренага айлантирди. Дарҳақиқат, юқорида қайд этилган устунликлар борасида Яқин Шарқдаги араб давлатлари ичида Сурияга фақатгина Саудия Арабистони маълум даражада тенг келиши мумкин, бошқа ҳеч бир мамлакатда бундай имконият мавжуд эмас. Аммо устунликнинг географик нуқтаи назардан бўлиши, давлат учун ҳар доим ҳам хайрли натижаларга олиб келмаслиги Сурия мисолида яққол намоён бўлди. Шарқ цивилизациясининг энг асосий ўчоқларидан бири бўлган мамлакат айнан шу сабабли ташқи кучлар учун чинакам “татамига” айланди. 15 йил олдин бутун минтақа бўйлаб кенг тарқалган заҳар – “Араб баҳори” маълум муддат ичида деярли барча давлатларда ўчди. Аммо Ливия билан Суриядаги аҳвол бундан мустасно эди. Шомдаги “Араб баҳори” Асад режимининг хатоси туфайли замонавий тарихдаги энг узоқ давом этган фуқаролар урушидан бирига айланиб кетди. Бундан ташқи кучлар аста-секин ўз мақсади йўлида фойдаланишни бошлади. Шу онда “тартибсизлик бор жойда фойда бор” деган қараш асосида Сурияга кўз тикканлар орасида Эрон ҳам мавжуд эди. Аммо Сурияда ҳаракат қилган ўйинчиларнинг стратегияси ва мақсадлари хилма-хиллиги ажралиб турди. Бу эса фуқаролар урушида мамлакатнинг бир неча қисмга бўлиниб кетишига олиб келди. Туркия ва Ғарб ўз фуқароларини қирғин қилган Асадни қулатишга уринди. Аммо Эрон ва орадан бир неча йил ўтиб можарога қўшилган Россия мутлақо тескари йўлдан кетди. Улар ўзлари учун Асадни сақлаб қолишни афзал кўрди. Бунга бир неча омиллар сабаб бўлган бўлиши мумкин. Хусусан, бошқарувдаги авторитар кайфиятнинг ўхшашлиги умумий сабаб бўлиб, яна қатор специфик сабаблар мавжуд эди. Россия ўзининг эски ҳамкори Ҳофиз Асаднинг ўғли билан тил топишишда давом этиш ва ушбу ҳаракатлар орқали Тартусдаги муҳим портни узоқ муддат сақлаб қолиш, Суриядан ўтувчи Туркия ва Қатар газ қувури лойиҳасини ушбу икки мамлакатга душман бўлган Асаднинг иродасига кўра барбод қилишни кўзлади. Эрон эса Суриядаги режимнинг омон қолишини унинг минтақадаги манфаатлари учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга деб ҳисоблади. Асад оиласининг шиа алавийларига мансублиги эса бу иттифоқнинг истиқболини шубҳа остига қўймади. Эрон Башар Асадни узоқ вақт ҳокимиятда ушлаб туриш моддий ва ҳарбий ёрдамни аямасликка қарор қилди. Бу учун хавфсизлик ва разведка хизматларидан тортиб Сурия ҳарбийларига менторлик қилиш каби ишларни амалга ошира бошлади. Теҳрон Асадни сақлаб қолиш операциясига ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг қуруқликдаги қўшинлари, Қудс кучлари, разведка хизматлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи кучларни жалб қилди. Мақсад эса битта; қулай географик ҳудудда жойлашган Сурияда эркин ҳаракатланган ҳолда минтақада ўз манфаатларини илгари суриш. Бундай манфаатлар ичига эса Яқин Шарқ бўйлаб кенг тарқалган ва Теҳрондан “озуқа олувчи” прокси гуруҳлар таъминотини ташкиллаштириш ва ҳарбий контингентни бир жойдан иккинчи жойга кўчиришда Сурия ерларидан ҳеч қандай тўсиқларсиз фойдаланиш киради. Яқин Шарқ харитасига кўз ташланса, Суриянинг Ироқ ва Ливан билан чегарадош эканини кўриш мумкин. Бу давлатларда эса Эроннинг ҳарбий мавжудлиги юқори даражада. Саддам Ҳусайн ўлимидан сўнг, Эрон Ироқ бошқарувида у ердаги ўнлаб партия ва уларга алоқадор қуролли гуруҳларни қўллаш билан ўз таъсирини оширганди. Ливанда эса “Ҳизбуллоҳ” орқали расмий Теҳрон бу ердаги бошқарув пакетида қандай улкан роль ўйнаганини эса чамалаш қийин. “Ҳизбуллоҳ” Исроилга чегарадош бўлган Ливаннинг жанубий ҳудудида қарор топгани боис гуруҳ Теҳроннинг ташқи майдондаги энг асосий душмани – Исроилни доим тийиб туришда муҳим роль ўйнайди. Унга эса Сурия орқали моддий-техник ёрдам етказиш жуда қулай. Бундан ташқари, қуруқликдаги кучларининг бошқа бир мамлакатда кенг миқёсда жойлаштирилиши Эроннинг ўз чегараларидан ташқарида ҳам ҳарбий амалиётларни амалга ошира олишига ёрқин исбот эди. Хуллас, бир сўз билан айтганда, Сурия Эроннинг Яқин Шарқда эркин ва тўйиб нафас олишини таъминлайдиган ҳудуд эди. Шу боис Теҳрон Сурияни “ўзининг орқа ҳовлисига айлантириш операцияси”ни бошлади.
Асад учун “киприк” вазифасини ўташ
Асад режими фуқаролар урушининг дастлабки ойларидаёқ Сурия ҳудуди устидан назоратни йўқота бошлагандан сўнг, Эрон можарода ўз ҳарбий иштирокини бошлади. Дастлаб Ливан Ҳизбуллоҳи тўғридан тўғри жанговар ролни ўз зиммасига олди. Ҳаракат Асадни кучли, яхши ўқитилган кучлар билан таъминлади. “Ҳизбуллоҳ” қаторида Ироқдаги шиа гуруҳлари ҳам Сурияда Асадни қўллаб-қувватлаб жанг қила бошлади. Суриядаги фуқаролар урушининг дастлабки босқичида Эрон, унинг иштирокини тасдиқловчи қатор далилларга қарамай, буни рад этиб келди. Бироқ кейинчалик Теҳрон Дамашқдаги шиаларнинг муқаддас жойи - Саййида Зайнаб зиёратгоҳини ҳимоя қилиш учун Сурияга кирганини даъво қилиб, “зиёратгоҳ ҳимоячилари” шиори остида ўз иштирокини тан олди. Аммо бу баҳона ҳеч кимни ишонтира олмаслиги тайин эди. Эроннинг Сурияга чуқур кириб бориши диний мотив туфайли эмас, балки муҳим стратегик таянч нуқтага эга бўлиш мақсадидалиги кўпчиликка аён эди. Ўн минглаб ислом инқилоби қўриқчилари корпуси, 5000 дан ортиқ армия аскарлари, 2000 га яқин Қудс кучларининг зобитлари ва яна ўн минглаб Эрон томонидан турли кўринишда қўллаб-қувватланадиган шиа гуруҳлари асраб қолиш учун майдонга ташланди. Уларнинг сони ҳар доим ҳам бир хил бўлмаган ва вақти-вақти билан ўзгариб турган. Бироқ Эроннинг кенг миқёсдаги иштироки ва таъсирининг мавжудлиги узоқ йиллар давомида аниқ тарзда сақланиб қолди.
Унинг Суриядаги ҳарбий мавжудлиги ва Асад режимини узлуксиз қўллаб-қувватлаши йилдан йилга прогрессив кўриниш олди. 2014 йилда бу қўллов янада кучайди. 2015-2018 йилларда эса Эроннинг аралашуви ўзининг чўққисига чиққани қайд этилган. Бу пайтга келиб Суриядаги иштирок нархи ҳам параллел тарзда ошиб кетган. Баъзи тахминларга кўра, 2012 йил ноябридан 2017 йилгача бўлган вақт оралиғида Эрон 2100 дан ортиқ жангчисидан, шу жумладан 418 нафар юқори мартабали зобитидан айрилган. Шунингдек, 7000 дан ортиқ эронлик аскарлар яраланган. Эрон томонидан ёлланган Ливан, Ироқ, Афғонистон ва покистонликларнинг умумий сонидаги ўлимлар ҳам мингдан ортиқни ташкил этгани айтилади. Қуруқликдаги Эрон қўшинлари баллистик ракеталар ва ҳаво кучлари, шу жумладан дронлар томонидан қўллаб-қувватланди. 2018 йил октябрь ойига қадар Эрон дронлари ИШИДга 700 дан ортиқ зарба берди. 2023 йилда Эрон Суриядаги 55 та ҳарбий базани ва бошқа 515 та ҳарбий пунктни сақлаб қолди. Уларнинг аксарияти Ҳалаб ва Дамашқ атрофида бўлиб, умумий ҳисобда ҳарбий ҳаракатлар кечадиган майдонларнинг 70% дан ортиғида жойлашганди. Аммо ҳар нарсанинг ибтидоси ва интиҳоси бўлгани каби Эроннинг Суриядаги ҳаракатлари 13 йил давом этди. 2024 декабрда ўша пайтда Жўлоний ҳозир эса Сурия президенти Аҳмад аш-Шаранинг сенсацион тарзда ҳокимият учун кураш майдонида пайдо бўлиши нафақат Асад режими, балки Эроннинг ҳам бу ердаги саргузаштларига якун ясади. Теҳрон Сурияни тарк этди. Ҳатто энг сўнггида улар ўзига эргашган кучларни ҳудуддан чиқиб кета олишни ҳам ўзлари таъминлай олмади. Путиннинг Прямая Линия йиллик дастурида айтишича, 4 минг эронпараст кучларни Суриядан олиб чиқишни Россия амалга оширган.
Сурияни “ҳарбий лагерь”га айлантириш
Эрон Сурияда ундан кейин ўйинга кирган Россиядан фарқли ўлароқ анча кенг миқёсда ҳаракатланган. Россия фақат геосиёсий ва ҳарбий мотивларга кўра бу ерда мавжуд бўлган бўлса, Эрон Сурияни ўзининг минтақавий амбициялари учун ҳам марказий мафкуравий, ҳам стратегик жанг майдони сифатида кўрди. Бу йўлда у кўпқиррали ҳаракатлар харитасига эга эди. Ҳарбий жиҳатдан форслар Сурияда чинакамига чуқур илдиз отди. Айниқса Асад режими армияси ва хавфсизлик аппаратига кириб боришда жуда катта муваффақиятга эришди. Хорижий милиция бўлинмалари эса Эроннинг Суриядаги энг асосий бўғинига айланди. Асад Эронга давлатнинг энг муҳим органларини шу тарзда осон топширди ва уларнинг мамлакатдаги мавжудлигини қонунийлаштирди. Бунинг эвазига эса расмий Теҳрон унга Исроил ёки АҚШнинг эҳтимолий ҳаво ҳужумларида соябон бўлиши керак эди. Шу боис Эроннинг Суриядаги ишлари фақат ҳарбий соҳа билан чекланиб қолмади. Хавфсизлик, ижтимоий ва иқтисодий масалалар ҳам милитаризация билан бирга параллел олиб борилди. Айниқса, Асад режими учун ҳимоя ёстиқчаси шакллантириш анча жадал кечди. Маҳаллий ва хорижий милиция тизими бунда муҳим роль ўйнади. Эрон Суриядаги шиа озчиликни маҳаллий милиция бўлинмаларини тузишга ундади. Бу бўлимга Ҳалаб, Ар-Раққа ва Дайр-аз-Зор вилоятларидан суннийлар ҳам жалб қилинди. Улар хизматга қабул қилингандан сўнг, йигирма бир кундан қирқ беш кунгача енгил ва ўрта оғирликдаги қуроллардан фойдаланишга, баъзан эса оғир қуроллар билан ишлаш қобилиятини шакллантириш учун олти ой давомида тайёргарликдан ўтказгани айтилади. Эрон томонидан қўллаб-қувватланган ёки тузилаётган Суриядаги маҳаллий милиция тизими бир неча гуруҳларга бўлинган. Улар 2012 йилда Ҳомсда тузилиши бошланган Миллий мудофаа кучлари, Ҳалаб, Дайр-аз-Зор ва Ар-Раққа вилоятларидан жалб қилинган Маҳаллий Мудофаа Кучлари ҳамда Шимолий Ҳомс ва Ар-Раққанинг бир қисмидан йиғилган алоҳида шиа бўлинмаларидан ташкил топган. Аммо расмий Теҳрон фақат маҳаллий милиция билан чекланиб қолмаган. Бу билан бир вақтда чет эл милиция тармоқлари ҳам пайдо бўла бошлаган. Улар Ироқ, Афғонистон, Покистон ва Ливандан чақирилган. Бироқ четдан келган ва маҳаллий ёлланганларга бериладиган маошлардаги фарқ жуда катта бўлган. Масалан, хориждан жалб қилинган бўлинмалардан бирининг ҳар бир аъзоси учун ойига 700 долларгача тўланган бўлса, Нубл ва Заҳра каби маҳаллий милиционерларнинг ойлиги ҳатто 100 долларни ҳам ташкил этмагани айтилади. Милиционерларнинг маошлари эса ўша пайтда умумий бюджети 8 миллиард долларга яқин бўлган Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси томонидан тўланган.
Фуқаролар урушининг чўзилиши, Суриянинг бир нечта бўлакларга бўлиниши ва бошқа омиллар туфайли мамлакатдаги нотинч вазият жуда эврилишларга юз тутди. Милициялар билан боғлиқ вазият ҳам шулар жумласидандир. Вақт ўтиши билан уларнинг ўрнини аста-секин бошқа тузилма – хусусий ҳарбий компаниялар эгаллай бошлаган. 2013 йилга қадар Суриядаги бундай компаниялар сони 10 тани ҳам ташкил қилмаган. Аммо ўша йилдан бошлаб улар бутун Сурия бўйлаб кенг тарқала бошлади. Бунгача хусусий ҳарбий компанияларининг фаолияти фақат савдо марказлари, банклар ва концертлар хавфсизлигини таъминлаш билан чегараланган эди. Вазият назорат чиқиши билан режимнинг Эрон ва Россия каби ҳамкорларига тегишли ҳамда ҳукумат томонидан тартибга солинмайдиган қуролли кучларга эҳтиёжи ортиши оқибатида уларнинг фаолиятини қонунийлаштиришни назарда тутадиган Фармон чиқарилди. Шу тариқа бу ташкилотлар Асад армияси ёки хавфсизлик бўлинмаларига ҳисобот бермасдан эркин фаолият юритиш имконини қўлга киритди. Бу эса шундай турдаги ҳарбий компаниялари орқали Эронга Сурияда янада кенг палак ёзиши учун қўл келди. Улардан пойтахт Дамашқ каби нозик ҳудудларга Эрон таъсирини кучайтириш учун фойдаланилди.
Сурияни ҳар томонлама ўраб олиш
Юқорида тилга олинганидек, Эрон назорати ҳарбий аралашув ва хавфсизлик масалалари билан чекланиб қолмайди. Эроннинг диққат марказида Сурия жамиятига кириб бориш ва унинг Сурияда омон қолишини таъминлаш учун иқтисодий тизимдаги иштирокини кучайтириш каби миссиялар ҳам ўрин олганди. Жумладан, 2017 йилдан бошлаб Эрон Сурия жамиятига кириб бориш ва суриялик ишбилармонлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга эътибор қаратди. Бу унинг Сурия жамияти ва иқтисодига кириб бориш имконини тақдим этди. Иқтисодий назорат ҳақида гап кетганда, Эрон 2018 йилда Сурия-Эрон бизнес форумини қайта фаоллаштирди. Бу эса Эрон лойиҳаларининг Суриянинг турли соҳаларида тарқалишида ҳал қилувчи роль ўйнаб, асосан энергия ишлаб чиқариш ташаббусларига эътибор қаратилди. Армия, хавфсизлик, иқтисодиёт ва жамият ҳаёти. Ҳеч бир соҳа Эрон таъсиридан четда қолмади. 2013 йилдан то 2020 йилга қадар шу 4 йўналишда форслар Суриянинг энг муҳим стратегик нуқталари, хусусан, пойтахт Дамашқ, шунингдек, Ҳалаб, Дайр аз-Зор, Ҳалаб ва Ҳомс каби ҳудудларда жуда фаол бўлган. Сурия жамиятига яхшироқ интеграция қилиш учун хайрия ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади. Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган энг муҳим ташкилотлардан бири Жиҳод Ал-Бина ташкилоти бўлиб, у асосан мактаблар ва соғлиқни сақлаш марказларини тиклаш масаласига эътибор қаратади. Ташкилот ҳозирда Дайр аз-Зор ва Ҳалаб вилоятларида фаол бўлган.
Ҳарбий амалиётлар суръати пасая бошлагандан кейин мавжудликни сақлаб қолишнинг қуролли ва қуролсиз йўлидан параллел тарзда кета бошлади. Сурия жамиятида Эрон маданиятини ёйишда муҳим роль ўйнайдиган Эрон маданият марказларидан ташқари, яна ўнлаб таълим муассасалари бунёд қилган. Йирик хайрия фондлари ташкил қилди. Шулардан бири Жиҳод Ал-Бина номли фонд 2019 йилда биргина Дайр-аз-Зорда ўн олтита мактабни тиклаган. Бу хайрия фонди вақти-вақти билан тинч аҳолига озиқ-овқат тарқатиб, маҳаллий аҳолининг содиқлигини қозонишга ҳаракат қилгани айтилади. Коронавирус пандемияси даврида Эрон Дайр аз-Зорда тинч аҳолини зарур витаминлар ниқоблар билан таъминлаш учун бир нечта кичик тиббиёт пунктларини ташкил қилган. Булар эса ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Барчаси Эроннинг солиқ тўловчилари ортидан шаклланган бюджетдан ва табиий бойликлардан кўрилган даромад ортидан амалга оширилгани табиий. Албатта, Эрон бундай қадамларни Сурияда узоқ вақт қолиш ва у ерда Асадни сақлаб қолиш орқали Яқин Шарқ дарвозасига парда ортида эгалик қилишни кўзлагани кўриниб турибди. Шунинг учун расмий Теҳрон ҳарбий соҳадан бошлаган хавфсизлик, иқтисод, гуманитар фаолият ва ҳатто демографик нуқтагача олиб чиқди. Бу йўлда улар чет эллик шиа кўчманчилари ва ислом инқилоби қўриқчилари корпуси аскарларининг оилаларини Сурияга олиб келиш ҳаракатларини амалга оширди. Мазкур қадам ортида мамлакатда демографик жиҳатдан мустаҳкам бўлиш мақсади турганди. Маълумотларга кўра, ўша пайтда Эрон Асаддан кейин ҳам бу ерда узоқ қолиш учун зарур чораларни ҳам кўришни бошлаган. Бунинг учун улар Асад мансуб алавийлар билан диний ва сиёсий иттифоқлар ўрнатиш орқали, келажакда сиёсий манзара ўзгарган тақдирда ҳеч бўлмаганда Суриядаги мафкуравий изининг бардавомлигини таъминлашни кўзлаган. Шу ўринда бир нарсани қўшимча қилиб ўтиш жоизки, айнан ўша алавийлар Аҳмад аш-Шара ҳокимият тепасига келганидан кейинги дастлабки энг қонли воқеанинг асосий иштирокчиси бўлди.
Live
Барчаси