Эрон Россияга дрон берганми?
Олам
−
08 Декабрь 2022
6723Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Эрон Россияга жанговар учувчисиз самолётлар етказиб бераётгани ҳақидаги иддаолар бўйича “мавжуд маълумотлар”ни текширмоқда. Бу ҳақда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш маълум қилди.
Россиянинг даъво қилишича, Гутерришда БМТ экспертларини Украинага учувчисиз самолётларнинг келиб чиқишини текшириш учун юбориш ваколати йўқ. Эрон Москвага учувчисиз учоқлар етказиб берганини инкор этади, Россия эса Украинага зарба бериш учун ўз кучлари Эрон дронларидан фойдаланганини рад этади.
Украина Россияни энергетика инфратузилмаси ва бошқа нишонларга зарба бериш учун дрон ёки учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланганликда айблади.
Буюк Британия, Франция, Германия, АҚШ ва Украина Россияга Эронда ишлаб чиқарилган дронларни етказиб бериш БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2015 йилда қабул қилинган Эрон билан “ядровий келишув”ни таъминлашга қаратилган резолюциясини бузади, деб ҳисоблайди. Гутерриш йилига икки марта кенгашда келишувнинг бажарилиши ҳақида ҳисобот беради.
6 декабрь куни Хавфсизлик Кенгашига берган ҳисоботида, Гутерриш дрон айбловларини эслатиб ўтди.
“Котибият мавжуд маълумотларни ўрганмоқда. Ҳар қандай хулосалар Хавфсизлик Кенгашига ўз вақтида хабар қилинади”, дейди у.
“Reuters” ахборот агентлиги шу ҳафта Буюк Британия, Германия ва Франция томонидан БМТ Бош котибига юборилган мактубларнинг нусхаларини олди. Ғарб давлатлари Гутерришдан БМТ экспертларини Украинага юбориш режалари ҳақида маълумот беришни сўради. Россия ҳам Гутерришга икки марта хат ёзиб, Лондон, Берлин ва Парижни БМТ Низомини бузганликда ва ташкилот Бош котибига таъсир ўтказишга уринганликда айблади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти экспертларининг Украинага ташрифи режалаштирилмоқдами, деган саволга БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррик изоҳ беришдан бош тортди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти экспертлари 2017 йилда Эрон қуроллари борлиги тахмин қилинган жойга бориб, Франция томонидан қўлга киритилган қуроллар ва Саудия Арабистонига отилган баллистик ракеталарнинг парчаларини кўздан кечирган.
Ташкилотнинг 2015 йилги резолюциясига кўра, Эронга қарши одатий қурол эмбаргоси 2020 йилнинг октябригача амалда бўлган. Аммо Украина ва Ғарб давлатлари резолюция ҳали ҳам 2023 йил октябргача ракеталар ва тегишли технологияларга чекловларни ўз ичига олади ва учувчисиз самолётлар каби илғор ҳарбий тизимларни экспорт қилиш ва сотиб олишни қамраб олиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Гутерришнинг сўнгги ҳисоботида айтилишича, учувчисиз учоқлар ёки 300 км дан ортиқ масофага учувчи баллистик ракеталарни Эрондан бошқа давлатга ўтказиш учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг олдиндан розилиги керак.
Эроннинг икки юқори мартабали мулозими ва икки эрон дипломати октябрь ойида “Reuters” агентлигига берган интерьвюсида Эрон Россияни қўшимча учувчисиз учоқлардан ташқари “ер-ер” ракеталари билан таъминлашига ваъда берди. Шу ҳафтада исмини ошкор қилишни истамаган БМТнинг юқори мартабали мулозими ҳам “Reuters” агентлигига Эрон Россияга юзлаб учувчисиз учоқлар ва баллистик ракеталарни юборишни режалаштираётганини айтди.
Эрон дронлари машмашаси
Эслатиб ўтамиз, август ойи охирида “The Washington Post” газетаси Эрон Украинадаги уруш учун дронларнинг биринчи партиясини Россияга топширгани ҳақида хабар берган эди. Украина Қуролли кучлари Россия томонидан Украина шаҳарларига ҳужум қилиш учун Эрон “Shahed” камикадзе-дронларидан фойдалангани ҳақида бир неча бор хабар берган.
17 октябрь куни Украина Ташқи ишлар вазирлиги камикадзе-дрон ҳужумлари туфайли Эронни “Россиянинг Украинага қарши жиноятларида шерик” деб атади.
Президент Владимир Зеленский G7 давлатларининг фавқулодда йиғилишида сўзлаган нутқида Россия Теҳрондан яна 4000 та дрон буюртма қилганини айтди. Шунинг учун у Киевга ҳаво ва ракета ҳужумига қарши мудофаа соҳасида ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов “Обозреватель” нашрига берган интервьюсида Россия Эрондан 1750 дона ҳажмдаги дронларнинг биринчи партиясини буюртма қилгани, кейин ишлаб чиқариш ва Россияга етказиб бериш учун вақт талаб қиладиган янги буюртмалар бошлангани ҳақида маълум қилганди.
“Улар аста-секин уларни тугатмоқда, эронликлар янгиларини ясамоқда, аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор: биз барча дронларнинг тахминан 70 фоизини доимий равишда уриб туширамиз”, дейди Буданов.
Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 18 октябрь куни Украинада Россия қўшинлари Эрон дронларидан фойдалангани ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтди.
"Шубҳасиз, улар аллақачон буюртмалар рўйхатида. Энг катта савол Эрон бунинг эвазига нима олади. Бу қурол бўлмаслиги аниқ, чунки Россия барча қуролларни ўзи учун олиши керак. Эҳтимол, бу пул эмас. Биз, эҳтимол, минтақа хавфсизлиги учун катта оқибатларга олиб келадиган ҳарбий ҳамкорликни сезиларли даражада чуқурлаштириш билан шуғулланяпмиз. Шунинг учун биз бундан жуда хавотирдамиз”, дейди БМТ Бош котиби.
Кеча, 7 декабрь куни Қўшма Штатлар Россияга Эрон дронларини етказиб бериш давом этаётганини эълон қилди. Бироқ, Вашингтонда Эрон Украинага қарши ишлатиш учун Россияга баллистик ракеталарни топширгани ҳақида ҳозирча далиллар йўқ.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь