Эрон айрим давлатлар учун Ҳормуз бўғозини очди
Жамият
−
08:31 2322 2 дақиқа
Эрон расмийлари “душман бўлмаган” давлатлар кемалари Ҳормуз бўғози орқали ўтиши мумкинлигини билдирди. Бу ҳақда Эрон БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва Халқаро денгиз ташкилотига расмий хабар юборган.
Маълумотга кўра, кемалар Эрон қарши ҳаракатларда иштирок этмаса ва хавфсизлик қоидаларига амал қилса, Теҳрон билан келишилган ҳолда бўғоздан хавфсиз ўтиш ҳуқуқига эга бўлади.
Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи аниқлик киритиб, бу рухсат айрим давлатларга берилганини айтган. Унга кўра, Хитой, Россия, Ҳиндистон, Ироқ ва Покистон кемаларига ўтишга рухсат берилган.
“Биз дўст деб ҳисоблаган давлатларга рухсат бердик. Душманларимизга эса бундай имконият йўқ”, деган у.
Кузатув маълумотларига кўра, сўнгги кунларда Эрон айрим танкерларни ўз ҳудудий сувларидан ўтказиб, уларни текшираётган бўлиши мумкин. Баъзи ҳолларда, асосан Хитойга тегишли танкерлар олдин ҳам ўтказилган.
Ҳормуз бўғози Форс кўрфазини очиқ океан билан боғлайди ва глобал энергетика учун жуда муҳим йўл ҳисобланади. У орқали дунё хом нефтининг қарийб 35 фоизи ва суюлтирилган газнинг 20 фоизга яқини ташилади.
28 февралдан АҚШ ва Исроил Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлаганидан сўнг Теҳрон бўғозни ёпиб, ўтаётган кемаларга ҳужум қила бошлаган. Можаро бошидан буён камида 22 та кема ҳужумга учраган, 3200 га яқин кема эса Форс кўрфазида қолиб кетган.
22 март куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Эронни 48 соат ичида бўғозни очишга чақириб, акс ҳолда энергетика объектларига зарба бериш билан таҳдид қилган эди. Кейинчалик бу режа музокаралар фойдасига вақтинча тўхтатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон АҚШнинг можарони тугатиш бўйича таклифларини қабул қилмаганди ва ўз шартларини илгари сурганди.
ОАВ маълумотларига кўра, Эрон қуйидагиларни талаб қилмоқда:
- Яқин Шарқдаги “барча фронтларда ва барча қаршилик гуруҳлари учун” можарони якунлаш;
- Уруш такрорланишининг олдини олиш учун аниқ механизмларни ишлаб чиқиш;
- Ислом Республикасига етказилган зарар учун тўловларнинг муайян миқдорини кафолатлаш;
- Теҳроннинг Ҳормуз бўғози устидан ҳукмронлигини тан олиш.
Live
Барчаси