Эрон “ақлли” ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди
Олам
−
31 Январь 2023
11699Эрон Ислом Республикаси ўз ҳарбий ишлаб чиқаришини йўлга қўйиб, армияни узоқ масофали ракеталар, юқори аниқликдаги ракеталар ва “ақлли” ўқ-дорилар билан таъминлади. Бу ҳақда бугун, 31 январь куни Эрон Қуролли кучларининг қуруқликдаги бўлинмаси қўмондони бригада генерали Киюмарс Ҳайдарий маълум қилди.
Унинг айтишича, қуруқликдаги қўшинлар ўз самарадорлигини бир неча бор кўрсатган. Чунки илмий ташкилотлар ва университетларнинг илмий салоҳиятини жалб қилиш орқали мамлакатда узоқ масофага уча оладиган ракеталар, аниқ бошқариладиган ракеталар ва ақлли ўқ-дорилар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, қўшин ҳарбий техникалар билан таъминланган.
“Биз Эронда илғор технологиялар ва инновациялардан фойдаланган ҳолда ўз ишлаб чиқаришимизни йўлга қўйиш орқали фундаментал ютуқни амалга оширишга муваффақ бўлдик. Хусусан, вертолётлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйганимиз сабабли эндиликда қуруқликдаги кучларнинг армия авиацияси кундузи ҳам, кечаси ҳам турли вазифаларни бажаришга қодир”, деди Ҳайдарий.
Шунингдек, танклар замонавий ўқ-дори ва қуроллар билан жиҳозланган. Танк қуролларининг аниқлиги ва отиш масофаси сезиларли даражада ошган. Манбага кўра, ҳозирда оғирлиги 60 ва 100 тонна бўлган жанговар машиналар ишлаб чиқариш устида ишланмоқда.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси