Эрдўғаннинг Украинага нега бораётгани айтилди
Олам
−
17 Август 2022
8799Кеча, 16 август куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг расмий вакили Стефан Дюжаррик 18 август куни Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Украинага келиши кутилаётгани ҳақида хабар берган эди. Бироқ расмий Анқара бу ҳақида сўз очмай келаётганди.
Бугун, 17 август куни Туркия Республикаси Президенти сайтида Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Украинага ташрифи хусусида расмий ахборот пайдо бўлди.
“Президент Ражаб Тойиб Эрдўған Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг таклифига биноан 2022 йил 18 август куни бир кунлик амалий ташриф билан Львовга боради.
Президентнинг украиналик ҳамкасби билан ўтказадиган учрашувларида Туркия-Украина муносабатларининг стратегик шериклик даражасидаги барча жиҳатлари баҳоланади.
Ташриф давомида Украина Президенти Владимир Зеленский ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби жаноб Антониу Гутерриш иштирокида уч томонлама учрашув ўтказилиши ҳам кўзда тутилган. Унда Украина ғалласини жаҳон бозорларига олиб чиқиш учун яратилган механизм фаолиятини давом эттириш ва Украина-Россия урушини дипломатик йўллар билан тугатиш йўлида қандай қадамлар ташлаш мумкинлиги муҳокама қилинади”, дейилади Туркия Республикаси Президенти девони тарқатган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 август куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Сочига ташрифи давомида Россия Президенти Владимир Путинга Украина етакчиси Владимир Зеленский билан учрашишни таклиф қилган эди.
Маълумот учун, Ражаб Тойиб Эрдўған Россия қарши Украинага ҳарбий ҳаракатлар бошлашидан 20 кун аввал Киевга бориб, Зеленский билан бир қатор масалаларни муҳокама қилганди. Ушбу учрашувда Путин ва Зеленскийни Истанбулда кўриштириш ҳам кун тартибидаги масала бўлган ва Зеленский Эрдўғаннинг бу таклифига розилик билдирган.
Шунингдек, ушбу учрашувда Украинада Туркия билан ҳамкорликда учувчисиз ҳаво воситаларини ишлаб чиқариш бўйича келишув имзоланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь