Эрдўғанга алоқадор кўриладиган компания Ўзбекистонда радарлар ўрнатмоқчи
Жамият
−
13 Ноябрь 2023
7933Туркиянинг “Albayrak Holding” компанияси Ўзбекистон шаҳарларида “Йўл ҳаракати қоидабузарликларини аниқлашнинг автоматлаштирилган фото ва видео қурилмаларини ўрнатиш” лойиҳасини амалга оширмоқда. Жорий йилнинг 10 ноябрь куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ва “Albayrak Holding” компанияси Координатори Эрдал Налбант учрашув ўтказиб, бу борадаги ишларни боришини кўриб чиқди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, томонлар тизимни ўз вақтида ишга тушириш бўйича самарали чоралар кўриш зарурлигини таъкидлаган.
“Конструктив фикр алмашиш чоғида лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ва янги келишувлар бўйича ишларни бошлаш муддатлари белгилаб олинди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, томонлар рақамлаштириш, инфратузилма объектларини қуриш ва машинасозлик соҳаларида янги лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда икки томонлама муносабатларни фаоллаштириш ва ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган.
Маълумот учун, “Albayrak Holding” 1952 йилда ташкил топган. Унинг таркибига 127 та компания киради ва ходимлар сони 15 минг кишидан ошади. Ҳолдинг қишлоқ хўжалиги, чиқиндиларни қайта ишлаш, қоғоз маҳсулотларини ишлаб чиқариш, транспорт ва логистика, машинасозлик, инфратузилмавий ривожланиш ва бошқа соҳаларда лойиҳаларни амалга оширади.
Маҳаллий турк нашрларига кўра, “Albayrak Holding” Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг яқин иттифоқчиси томонидан бошқарилади. Компания 2010-2021 йиллар ичида умумий қиймати 7 миллиард турк лирасидан ортиқ бўлган 437 та давлат тендерини ютган. Ҳолдинг Туркиядаги маҳаллий муниципалитетлар ва давлат идоралари учун автомобиль ижараси, қурилиш ва чиқиндиларни олиб ташлаш каби кўплаб ишларни бажарди. Фирма, шунингдек, ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партияси томонидан амалга оширилган кенг кўламли хусусийлаштириш доирасида ҳокимиятдан шакар, қоғоз ва саноат ускуналари заводларини сотиб олган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь