Эрдўған ва Байден Римда. Ёпиқ эшиклар ортидаги музокаралар қандай ўтди?

Олам

image

Бугун, 31 октябрь куни Туркия ва АҚШ Президентлари Ражаб Тойиб Эрдўған ва Жо Байден Римдаги Г20 саммити доирасида музокараларни бошлади. Туркиянинг NTV телеканали жонли эфирда камералар қаршисидаги қисқа саломлашишдан сўнг, мажлислар хонасига йўл олган етакчиларни кўрсатди.

“Анадолу” агентлигига кўра, ёпиқ эшиклар ортидаги музокаралар 1 соат ва 10 минут давом этган. Бунда Туркия раҳбарига мамлакат Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлу, Жо Байденга эса АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ҳамроҳлик қилган.

Туркия Президенти маъмурияти ҳузуридаги алоқа бўлими маълумотларига кўра, икки давлат раҳбарлари ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш истагини қайд этиб, тегишли қўшма механизм яратиш бўйича келишувга эришган.

ТАСС нашрининг ёзишича, бу учрашув Туркияда томонлар ўртасида, хусусан, Анқара томонидан ҳарбий техника сотиб олиш билан боғлиқ мавжуд келишмовчиликларни ҳал этишнинг муҳим босқичи сифатида қабул қилинмоқда. Лидерлар учрашувида ана шу масалалар ҳамда Сурия ва умуман минтақадаги вазият устувор ҳисобланади.

Россиядан С-400 зенит-ракета комплексларини сотиб олган Туркияга босим ўтказмоқчи бўлган Қўшма Штатлар 2019 йилда бу давлатга бешинчи авлод F-35 қирувчи самолётларини етказиб беришдан бош тортганди. F-35 олиш билан боғлиқ муаммолар фонида Анқара тегишли механизм асосида Вашингтондан F-16 қирувчиларининг қўшимча партияларини сотиб олиш истагини билдирди. Бироқ, Вашингтон ва Анқара ўртасида Туркиянинг Россия С-400 ҳаво мудофаа тизимларини сотиб олиши бўйича ҳали ҳам мавжуд бўлган келишмовчиликлар туфайли Конгресс бундай келишувга тўсқинлик қилиши мумкинлиги ҳақида хавф мавжуд.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

274

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг