Эрдўған Самарқанддалигида унинг ўғли Тошкентга келди
Жамият
−
11 Ноябрь 2022
13954Кеча, 10 ноябрь куни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида таълим соҳасида ҳамкорлик масалалари бўйича Туркия делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Турк делегацияси таркибида Ибн Ҳалдун университети Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг ўғли Нажмиддин Билол Эрдўған ҳам қатнашди. Учрашувда ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми имзоланди. Бу ҳақда ЎзМУ матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Ўзбекистон томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ва Ўзбекистон Миллий университети ректори Ином Мажидов иштирок этган. Туркиядан келган делегацияда эса Нажмиддин Билол Эрдўғандан ташқари Истанбулдаги Ибн Ҳалдун университети Васийлик кенгаши раиси, профессор Ирфон Кундуз, ушбу университетнинг “Ҳайдар Алиев” Евроосиё тадқиқотлар маркази директори, профессор Яшар Сари, университет ректори, профессор Атилла Аркан, халқаро алоқалар масалалари директори Энес Ялман ҳамда Ҳажеттепе университетидан Зайнап Аркан иштирок этган.
Хабарда қайд этилишича, учрашув конструктив руҳда ўтган ва кўплаб йўналишларда ҳамкорлик ўрнатиш бўйича таклифлар билдирилган. Хусусан, магистрлар ва докторлик диссертациялари учун қўшма назорат ва ташқи экспертларни тайинлаш, қўшма семинарлар ўтказиш, тегишли муассасалар томонидан ташкил этиладиган ёзги ва қишки мактабларда талабалар иштирокини таъминлаш, қўшма даража дастурларни яратиш, икки университет ўртасида тадқиқотчилар алмашинувини йўлга қўйиш каби масалалар шулар жумласидан.
Учрашув якунида Ўзбекистон Миллий университети ва Ибн Ҳалдун университетлари ўртасида академик ва маърифий ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми имзоланган.
Маълумот ўрнида, 10 ноябрь куни Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Туркий давлатлар ташкилоти саммитида қатнашиш учун Самарқандга келганди. Унга рафиқаси Эмине Эрдўған ҳам ҳамроҳ бўлди.
LiveБарчаси