Эрдўған Путинга қўнғироқ қилди. Етакчилар нималарни гаплашди?
Олам
−
25 Март 2023 8553 2 дақиқа
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва Россия Президенти Владимир Путин бугун, 25 март куни телефон орқали гаплашиб, Украинадаги вазият ва икки томонлама муносабатларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, давлат раҳбарлари дон масаласи ва Туркия-Сурия ўртасидаги муносабатлар ҳақида гаплашган. Бу ҳақда Кремль хабар берди.
Маълум қилинишича, давлат раҳбарлари Туркия-Россия муносабатларини янада ривожлантиришга қаратилган кейинги ишлар ҳамда Россия-Украина уруши атрофидаги сўнгги ўзгаришларни муҳокама қилган.
Эрдўған Путин билан суҳбатда Россиянинг дон шартномасини узайтириш бўйича келишувини ижобий баҳолаган.
У Россиянинг ғалла келишуви доирасида ўз маҳсулотлари олдидаги тўсиқларни олиб ташлашга бўлган муносабатини тушунишини билдирган.
“Туркия раҳбари Россиянинг Қора денгиз портларидан Украина ғалласини экспорт қилиш ва Россия озиқ-овқат ва ўғитлари экспортига тўсиқни олиб ташлаш бўйича Истанбул шартномасини 60 кунга узайтириш тўғрисидаги келишувини ижобий баҳолади”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Эрдўған Туркия-Сурия муносабатларини нормаллаштириш жараёнида Россиянинг конструктив воситачилик ролини алоҳида қайд этган.
“Сурия муаммоси кўриб чиқилди. Туркия-Сурия муносабатларини нормаллаштириш жараёнини давом эттириш муҳимлиги таъкидланди. Туркия Президенти бу борада Россиянинг конструктив воситачилик ролини қайд этди”, дейилади хабарда.
Анқара ва Дамашқ ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш жараёни 2022 йил 28 декабрь куни Москвада Россия, Сурия ва Туркия Мудофаа вазирликлари раҳбарлари ўртасида маслаҳатлашувлар ўтказилганда бошланган эди. Учрашувда қўшма уч томонлама комиссия тузиш бўйича келишувга эришилган. Ушбу маслаҳатлашувлардан сўнг Ташқи ишлар вазирлари даражасидаги учрашув бўлиб ўтиши керак, унинг кун тартибига Туркия ва Сурия Президентлари Ражаб Тойиб Эрдўған ва Башар ал-Асад ўртасидаги музокаралар масаласи киритилади.
Шунингдек, Туркия Президенти Россия Федерацияси ва Украина ўртасидаги ҳарбий ҳаракатлар музокаралар йўли билан тезроқ тўхтатилиши кераклигини таъкидлаб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 22 март куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россия Президенти Владимир Путин билан Россия донидан Африкага ун етказиб бериш масаласини муҳокама қилиш истагида эканлигини билдирган эди.
Бундан ташқари, Эрдўған Туркия ҳарбий тўқнашувларда ҳеч қайси давлат тарафида бўлмаслигини маълум қилган.
Live
Барчаси