Эрдўған Путин ва Асад билан учрашув ўтказмоқчи. У АҚШни огоҳлантирди

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған россиялик мавқедоши Владимир Путинга Сурия Президенти Башар ал-Асад иштирокида уч томонлама учрашув ўтказишни таклиф қилганини билдирди. У бу ҳақда Туркманбошидан қайтишда журналистлар билан қилган мулоқотида айтиб ўтди. 

“Аммо бунинг учун махсус хизматлар вакиллари, кейин мудофаа вазирлари ва шундан кейингина ТИВ раҳбарлари учрашиши керак. Бу муҳокамалар натижаларига кўра, раҳбарлар учрашуви ҳақида гапириш мумкин бўлади. Мен буни жаноб Путинга таклиф қилдим ва у ташаббусни ижобий қабул қилди. Бу бир қатор музокараларни бошлайди”, дейди Туркия раҳбари.

Туркиянинг Сурияда қуруқликдаги операция ўтказиш режаларига тўхталиб ўтган Эрдўған Анқара Россия, Туркия ва Суриянинг қўшма қадамлари тарафдори” эканини таъкидлади. У шу муносабат билан 2019 йилги Сочи меморандумида мустаҳкамланган қарорни эслатди. 

“Бу қандай ечим? Бу бизнинг чегараларимиздан жанубда 30 километрлик хавфсизлик коридорини яратиш. Биз бу йўлакни яратиш учун барча зарур чораларни кўрамиз. Бу ерда ҳеч қандай янгилик йўқ, Остонада, кейин Сочида муҳокама қилинган. Қолаверса, Сурия бўйича ишларниРоссия билан мувофиқлаштиришимиз янгилик эмас”, дейди Туркия Президенти. 

Унинг таъкидлашича, қўшни давлат ҳудудидан келаётган террорчилик таҳдиди ва Ғарб, асосан АҚШ террорчилик ташкилотларини қўллаб-қувватлаётгани сабаб Анқаранинг сабри тугаган.  

“Биз биринчи навбатда АҚШга айтамизки, агар сиз у ерда фаолият юритаётган террор ташкилотларига минглаб юк машиналарини қурол-яроғ, ўқ-дорилар ва жиҳозлар билан юборишда давом этсангиз, ўзимизни ҳимоя қилиш чораларини кўрамиз”, дейди Эрдўған. 

5 август куни Сочида Туркия ва Россия Федерацияси Президентлари ўртасидаги музокаралардан сўнг Туркия матбуоти Анқарада Туркия ва Сурия етакчилари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинаётгани ҳақида хабар тарқатди. Шу муносабат билан Туркия расмийлари бундай музокаралар ҳозирча режалаштирилмаганини маълум қилди. 6 октябрь куни Европа сиёсий ҳамжамиятининг Прагадаги саммитидан сўнг Эрдўған Асад билан учрашуви ҳақида гап бўлиши мумкинмаслигини айтди. Кейинчалик у бундай учрашув “вақти келганда” бўлишини қўшимча қилди. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

148

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг