Эрдўған Исроилни Фаластинга етказилган зарарни қоплашга чақирди
Олам
−
11 Февраль
2354Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Исроил фаластинликларга уруш ва ишғол пайтида етказган зарарни қоплаши кераклигини айтди. Бу ҳақда у бугун, 11 февраль куни Малайзияда мамлакат Бош вазири Анвар Иброҳим билан бўлиб ўтган музокаралардан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди.
“Халқаро масалаларни, хусусан, Фаластин масаласини батафсил муҳокама қилдик. Муаммонинг ўзаги шундан иборатки, Исроил ишғол, босқинчилик ва қирғин сиёсатини қатъият билан олиб бормоқда. Аввалгидек, Исроил яқинда имзоланган сулҳ битими доирасида берган ваъдаларини бажара олмади. У Фаластин ерларининг ишғолини тўхтатиб, етказилган зарарни қоплаши керак”, деди Эрдўған.
Унинг қўшимча қилишича, тўлақонли келишув учун “1967 йил чегаралари ичида пойтахти Шарқий Қуддусда бўлган мустақил, суверен ва географик жиҳатдан интеграциялашган Фаластин давлатини яратиш ниҳоятда муҳим”.
“Туркия ва Малайзия Фаластинни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини давом эттиради. Туркия ҳозиргача Фаластинга юздан ортиқ ёрдам кемаси юборди. Ёрдам бериш давом этмоқда. Биз Малайзиянинг Ғазо ва Фаластин бўйича тутган позициясини ҳам қадрлаймиз”, дея қўшимча қилди Эрдўған.
Туркия раҳбари Осиё бўйлаб турнега чиқди. Малайзиядан кейин Индонезия ва Покистонга боради. Эрдўғонга асосий вазирлардан иборат делегация ҳамроҳлик қилмоқда. Ушбу ташрифлар доирасида ҳамкорлик, савдо ва сармоявий соҳаларга оид қатор шартнома ва меморандумлар имзоланиши кўзда тутилган.
LiveБарчаси