Эрдўған Дубайда Ғазонинг можародан кейинги ҳолатини муҳокама қилмоқчи
Олам
−
30 Ноябрь 2023
2796Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 30 декабрь куни Дубайда очиладиган Жаҳон иқлим саммити доирасида Ғазо секторининг можародан кейинги ҳолатини муҳокама қилади. Бу ҳақда Туркиянинг ҳукуматпараст “Hürriyet” газетаси хабар берди.
“Ғазонинг урушдан кейинги ҳолати Эрдўған БААда муҳокама қиладиган масалалардан бўлади”, деб ёзади шарҳловчи Абдулқодир Селви.
Мақола муаллифининг қайд этишича, Исроил ва Фаластин ўртасидаги можарони ҳал қилиш бўйича саъй-ҳаракатлар доирасида барқарор ўт очишни тўхтатиш ва Фаластин анклавининг можародан кейинги ҳолатини таъминлаш масалалари муҳокама қилинмоқда. АҚШ ва Исроилнинг Фаластин муаммосини ҳал қилиш режалари билан бир қаторда Туркия бошчилигидаги минтақа давлатларининг ҳам режаси бор.
“Ғазо минтақа аҳолиси томонидан назорат қилиниши керак. ҲАМАС иштирокисиз ҳеч қандай формула муваффақиятга эришиш имкониятига эга бўлмайди. Биринчи ўринда Фаластин давлатини яратишга устувор аҳамият берилиши керак, икки давлатнинг ёнма-ён яшаши тамойилига асосланган ечимсиз қон тўкилишига барҳам бериб бўлмайди”, деб ёзади Туркия Президенти маъмуриятига яқин журналист.
Туркия ҳукумати аввалроқ Фаластин муаммосини ҳал қилишнинг ягона йўли 1967 йилдаги пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини тан олиш эканлигини бир неча бор таъкидлаган.
Маълумот учун, бугун, 30 ноябрь куни Яқин Шарқнинг молиявий ва технологик маркази Дубайда 140 дан ортиқ давлат раҳбарлари иштирокида Бутунжаҳон иқлим саммити очилади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этиши маълум қилинганди. У Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённинг таклифига биноан 30 ноябрь – 2 декабрь кунлари Дубай шаҳрида бўлади.