Эрдўған дон масаласида Путин ва Зеленский билан музокара ўтказмоқчи

Олам 2878
image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған яқин вақт ичида Россия ва Украина Президентлари Владимир Путин ва Владимир Зеленский билан дон келишуви бўйича телефон орқали музокаралар ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда бугун, 1 ноябрь куни Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли маълум қилди.

“Президентимиз яқин кунларда Путин ва Зеленский билан музокаралар ўтказиш ниятида. У дон савдоси масаласи билан бевосита шуғулланади. Биз келишувнинг қайта тикланишига ишонамиз, бу барчага фойда келтиради”, дейди Чавушўғли.

Туркия вазирининг сўзларига кўра, дон битими масаласи бутун инсониятга тааллуқлидир ва у урушдан ажратилиши керак.

"Шартноманинг амал қилиши билан боғлиқ муаммолар бор ва уларни ҳал қилиш керак. Биз бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларимизни давом эттирамиз", дейди Ташқи ишлар вазири.

Шунингдек, Чавушўғли Анқара Россиядан жаҳон бозорларига қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва ўғит етказиб бериш йўлидаги тўсиқни олиб ташлаш тарафдори эканини айтган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 октябрь куни Россия Мудофаа вазирлиги Украинадан озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилишга мўлжалланган келишувдаги фаолиятини тўхтатишини маълум қилган эди. Расмий Москва бунга аннекция қилинган Севастополдаги Қора денгиз ҳарбий флотига уюштирилган ҳужумни сабаб сифатида келтириб, ҳужум "дон йўлаги"дан фойдаланган ҳолда уюштирилганини  таъкидлаган.

Маълумот учун, 22 июль куни Истанбулда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш иштирокида Украина портларидан ғаллани хавфсиз ташиш бўйича келишув имзоланганди. Айтиш жоизки, мазкур ҳужжатни Россия, БМТ ва Туркия вакиллари Украина расмийлари билан биргаликда имзолаган.  Чунки дон шартномаси Украинанинг Одесса, Южний ва Черноморск портларини ўз ичига олади.

Шартнома муддати 19 ноябрда тугаши сабаб Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Туркия аввалроқ келишувни узайтиришга чақирган эди.

Бироқ, октябрь ойида Қрим кўпригидаги портлаш ортидан Россия Президенти Владимир Путин портловчи ускуна дон йўлаги орқали Қримга олиб келингани тасдиқланса, дон келишуви тўхтатиб қўйилиши мумкинлигини айтганди.

Фарангиз Салимова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 22
Рейтинг: 3.1
t
×