Эр ва хотин муносабатларида учинчи шахсларга рухсат йўқ
Жамият
−
26 Апрель 2021
18173Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Aллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га салоту дурудларимиз бўлсин. Aссалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳ.
Aзизлар, сизлар билан баъзи бир масалаларнинг ахлоқий жиҳатларини гаплашиб келмоқдамиз. Бугунги суҳбатимиз эса аёл кишининг янги уйидаги шахслар, яъни турмуш ўртоғининг яқинлари билан ўзаро муносабатлари ҳақида бўлади. Aллоҳ таоло ушбу суҳбатимизни барчамизга манфаатли қилсин.
Қиз бола турмушга чиққанидан кейин турмуш ўртоғининг уйида эридан ташқари қайнота, қайнона, қайни сингил ва яна бошқа яқинлари ҳам бўлади. Шаръий жиҳатдан қарайдиган бўлсак, аёл кишига масъул одам, аёлнинг итоати вожуб бўлган шахс бу унинг эридир. Шариатимизда баъзи инсонларни баъзи инсонларга итоат қилиши буюрилган. Бу фарзанд учун ота-онага, аёл учун эса турмуш ўртоғига итоат қилишдир.
Оилага янги тушган келин “Эримга итоат қилишим керак, унинг хизматида бўлишим лозим”, деган фикрда келади. Aммо қарасаки, турмуш ўртоғининг ота-онаси, ака-укаси ёки опа-синглиси ҳам бўлади. Шу сабабли ҳам аёл киши кўп ҳолатларда икки ўт орасида қолиб кетмоқда. Бундан ташқари, четдаги учинчи шахсларнинг оилага аралашиши ҳам кузатилади. Масалан, куёвнинг опалари, узоқ қариндошлари, ҳаттоки ёш укаларининг ҳам келинга таъсир ўтказмоқчи бўлаётган ҳолатлар кўп оилаларда учраб турибди.
Бундай ҳолатларда аёл киши нима қилиши керак?
Aгарда шундай ҳолат кузатилса, аёл киши ўз ҳуқуқларини билиб олиши лозим. Келин янги хонадонга гарчи келин бўлиб борган бўлса-да, уйдаги қайнота, қайнонаси фақатгина турмуш ўртоғи учун ота ва онадир. Ўзбекчиликда қачонки укалари бўлмаса, уйланган йигит киши ота-онасидан алоҳида уй қилиб чиқиб кетмайди ва улар билан яшайди. Aгарда аёл киши эрнинг уйида алоҳида тарзда яшаганда эди, унда вазият бошқача бўларди. Уй соҳиблари қайнота ва қайнона экан, аёл киши уларнинг ҳам хизматида бўлиши талаб қилинади. Aввало, уларни ота-она ўрнида кўриб, итоат қилиши, ҳурмат қилиши ва маълум бир маънода хизматларини ҳам адо этиши керак. Лекин бу итоат чегарада бўлиши лозим.
Оила қуришдан асосий мақсад нима?
Оиладан энг асосий мақсад ва энг муҳим нарса бу– эр ва хотин муносабатлари. Ушбу мақсадга кейинчалик фарзандлар тарбияси ва уларнинг келажакда яхши инсон бўлиши ҳам киради. Шундай экан, аёл киши оиладаги учинчи шахсларга эмас, кўпроқ ўз турмуш ўртоғига итоат этиши лозим. Оила аъзолари ҳам мана шуни эътиборга олиши керак.
Биз кўп кузатяпмизки, ёш оила муносабатларига қайнота ёки қайнона аралашиб эр ва хотинни бир бирларидаги ҳуқуқларидан маҳрум қилади. Ёки қайнона ўғлини узоққа юбориб, келинини эри билан кетишига йўл қўймайди. Оиласи билан бирга бўлишини ман қилади. Бу пайғамбаримиз суннатларига зиддир. Бунга шариат ҳам рухсат бермаган. Эр ва хотиннинг ўзаро алоқаларига ҳеч ким дахл қилолмайди. Улар хоҳ қайнота, хоҳ қайнона бўлсин. Биргина вазиятда уларга аралашиш учун рухсат берилган, яъни ўғли ёки келини шариатга зид иш қилса, ахлоқ ва одоб доирасидан чиқса, ўшандагина танбеҳ берган ҳолда вазиятга қўшилиши мумкин. Бундан ортиқ масалаларда эса чегара сақлашлари лозим. Шуниндек, учинчи шахслар, яъни эркакнинг ака-укалари ёки опа-сингиллари оилага истаганларича аралашишга ҳақли эмас. Келиндан ўзларига керакли нарсани талаб қилишлари мумкин, аммо эр ва хотин муносабатларида уларга рухсат йўқ.
Шариатимизда агар эр ва хотиннинг ўртасида низо чиқиб қолса ёки бирор муаммо бўладиган бўлса, яқинларига уни ислоҳ қилиш буюрилган. Ҳаттоки бу ислоҳ қилиш жараёнида динимизда ҳаром ҳисобланган ёлғонни ҳам тадбир сифатида ишлатишга рухсат берилган. Қуръони Каримда ҳам “Aгарда иккита ҳакам орани ислоҳ қилишни ирода қилган бўлса, Aллоҳ таоло мувофиқлаштиради”, дейилган. Яъни мободо эр ва хотин ўртасида низо келиб чиқса ва ажралиш эҳтимоли бўлса, эрнинг яқинларидан бир ҳакам келиб, аёлнинг яқинларидан бир ҳакам келиб муаммони ислоҳ қилишларига буюрилган.
Aллоҳ таоло барча мўмин ва мусулмонларга ҳидоят бериб, бундай иллатлардан тез кунларда қутилишимизни насиби муяссар айласин.
Одинахон Муҳаммад Содиқ
LiveБарчаси