Эпидемик вазият янада мураккаблашиши мумкин – Нурмат Отабеков
Жамият
−
14 Ноябрь 2020
38855Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият мураккаблашиши хавфи сақланиб қоляпти. Бу ҳақда бугун, 14 ноябрь куни Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков брифинг вақтида айтиб ўтди.
Отабеков Республикада коронавирус бўйича вазиятнинг яна мураккаблашиш эҳтимоли қандай, деган саволга қуйидагича жавоб берган:
“Албатта бу эҳтимол йўқ эмас. Мен мутахассис сифатида ҳозирги ҳолатни “Алдамчи барқарорлик, алдамчи осойишталик” деб баҳолаган бўлардим. Демак, биз ҳушёр бўлишимиз керак. Агар саломатлигимизга бефарқ бўлмасак, касалликнинг бирон-бир клиник белгиларини сезган заҳоти тиббиёт ходимларига мурожаат қилсак, ўзбошимча даволанишга уринмасак, уй шароитида даволаниш ва карантинда бўлиш қоидаларига риоя қилсак, у ҳолда вазиятни барқарор ушлаб туришимиз мумкин.
Акс ҳолда эпидемик вазият янада мураккаблашиши мумкин. Куз-қиш пайти вирусли, респиратор касалликларнинг мавсумий кўтарилиш даври хисобланади. Бу эса зиммамиздаги масъулиятни янада ошириш керак деб ўйлайман”, дейди мутахассис.
Нурмат Отабеков коронавирус авж олган вақтда эҳтиёж сабаб барпо қилинган беморларни саралаш марказлари тақдирига ҳам тўхталиб ўтди.
“Ҳеч бир қилинган иш ва тайёргарлик бесамар кетмайди. Вазият тўлиқ барқарорлашгандан кейин эса бу каби муассасалардан мақсадли фойдаланиш бўйича бир тўхтамга келинади. Ҳозир эса аҳолимиз керакли ёрдамни, керакли даражада олиши учун барча имкониятлар яратилган ва бундан халқимиз албатта манфаат кўради”, деди Отабеков.
LiveБарчаси