Энг йирик таҳдид – Европа Парламенти Россия билан муносабатлар тўғрисида резолюция қабул қилди

Олам

image

Бугун, 16 сентябрь куни Европа Парламенти Россия билан муносабатлар тўғрисида резолюция қабул қилди. Унда “Владимир Путин режими Европа хавфсизлиги учун энг катта хавф” деб аталган. Кўп саҳифали ҳужжат матни Европа Парламенти сайтида эълон қилинди

Қайд этилишича, Европа Парламентида 494 депутат ушбу резолюцияга овоз берган, 103 қарши, 72 киши бетараф қолган.

Резолюция матнига кўра, Иттифоқнинг асосий манфаати Европа ва ундан ташқарида “эркинлик, барқарорлик ва тинчлик” бўлишидир. Бироқ “Россия расмийларининг агрессив сиёсати” уларга хавф туғдирмоқда. Мисол тариқасида, Қримнинг аннекцияси ҳамда Украина, Грузия ва Молдованинг ҳудудий яхлитлиги бузилиши, шунингдек, киберҳужумлар, сайловларга аралашиш ва 2014 йилда Чехия Республикасининг Врбетица шаҳридаги портлашлар келтирилган.

Ҳужжатда Путин ҳокимияти “олигархлар қуршовидаги Президент бошқараётган, турғун, авторитар клептократия” деб номланган. Путиннинг ташқи сиёсати, ҳужжатда айтилганидек, “аниқ тажовузкор ва ревизионист” бўлиб, Президентнинг ўзи эса “Россия манфаатларининг ҳимоячиси сифатида кўринишни” хоҳлайди.

Шунингдек, резолюциядан Европа Иттифоқининг Россияга нисбатан сиёсатини қайта кўриб чиқиш ва кенг қамровли стратегияни ишлаш зарурлиги қайд этилган тавсиялар ўрин олган. Хусусан, Европа Иттифоқи мамлакатларига Россиянинг газ, нефть ва бошқа хом ашёларига бўлган энергия қарамлигини камайтириш тавсия қилинган.

Парламент депутатлари, шунингдек, Россия ҳукумати, россиялик олигархлар, Президент Путиннинг шериклари ва уларнинг оила аъзоларига инсон ҳуқуқларини бузиш ёки тизимли репрессиялар учун санкциялар киритиш имкониятини кучайтиришни таклиф қилган.

“Европа Иттифоқи Россия ҳокимиятининг тажовузкор хатти-ҳаракатларини олдини олиш учун ўз таъсиридан фойдаланишга ва Россияни SWIFT тўлов тизимидан узишга тайёр бўлиши керак”, дейилади резолюцияда.

Ҳужжатнинг бир қисми Россиядаги сайловларга бағишланган. Унда Давлат думасига сайлов олдидан мухолифатга қарши репрессиялар кучайгани ҳақида айтилган. 

“Репрессиялар ва рўйхатга олиш тартибини суиистеъмол қилиш Россияда адолатли парламент сайловларини ўтказишга имкон бермайди. Шунинг учун демократик тартиб ва халқаро ҳуқуқ бузилган тақдирда, Европа Иттифоқи давлатлари Россия Думасининг бўлажак сайловларини тан олмасликка тайёр бўлиши керак”, дея қайд этилган ҳужжатда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17-19 сентябрь кунлари Россия Давлат думасига сайловлар бўлиб ўтади. Унда 9 та партия иштирок этмоқда. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

323

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг