Энг оғир, мураккаб масалаларимиз аёллар бўйича – Президент хотин-қизлар масаласида йиғилиш ўтказди
Жамият
−
26 Февраль 2021
6543Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 26 февраль куни хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Мамлакат аҳолисининг қарийб ярми – 17 миллиони хотин-қизлардир. Уларнинг манфаатларини таъминлаш, жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш давлатимиз ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналиши.
Қайд этилишича, охирги тўрт йилда бу борада 2 та қонун, Президентнинг 6 та фармон ва қарори қабул қилинди. Биринчи марта Сенатда Хотин-қизлар ва гендер тенглиги масалалари бўйича қўмита ташкил этилди.
Йиғилишда аёлларни иш билан таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга тиббий ва психологик ёрдам қамровини кенгайтириш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш чора-тадбирлари муҳокама қилинган.
“Энг оғир, мураккаб масалаларимиз аёллар бўйича. Халқимизнинг талаби ўсиб бораяпти. Биз шу талабларга муносиб шароит яратиб беришимиз керак. Буни чуқур ҳис қилмаган одам раҳбар бўлиб ишлолмайди”, деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ташкил этиш таклифини билдирган эди.
Шу кунларда Сенат раиси Танзила Нарбаева бошчилигида ушбу кенгаш тузилган. Энди мазкур жамоатчилик кенгаши хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, билим ва касбий кўникмалар эгаллаб, муносиб иш топишларига кўмаклашиш, саломатлигини сақлаш, уй-жой масалаларини ҳал этиш борасида тизимли иш олиб бориши зарурлиги таъкидланган.
Ҳокимлар ва сектор раҳбарларига “аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар муаммоларини ҳал қилиш, тикувчилик, ҳунармандчилик, касаначилик, паррандачилик ва экин майдонларидан ер ажратиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилган.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Савдо-саноат палатасига тадбиркор бўлиш истагини билдирган “аёллар дафтари”даги 70 мингга яқин хотин-қизларни бизнес ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш вазифаси топширилган.
Давлат раҳбари бу борада нодавлат ташкилотлар хотин-қизларга энг яқин кўмакчи бўлиб келаётганини, бундай муассасаларга жой ажратиб, грантлар бериш кераклигини таъкидлаган.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфига ўтаётган ҳар бир тумандаги коллежларнинг бўш турган қисмини ўқув хонаси ва ишлаб чиқариш цехи ташкил этиш учун тадбиркорларга 30 йилгача муддатга имтиёзли ижарага бериш вазифаси қўйилди. Бунга Бандлик жамғармасидан 70 миллиард сўм ажратилиши белгиланган.
Шунингдек, 70 мингга яқин хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш учун Халқ банки орқали 2 триллион сўм кредитлар йўналтирилади.
“Олий маълумотли бўлишни истаган, қобилияти, билими бор, лекин тақдир тақозоси билан орзусига эриша олмаган хотин-қизларни рағбатлантириш тизими жорий қилинади. Яъни, ота-онасининг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг шартнома тўлови ҳокимлик ва олий ўқув юрти ҳисобидан қоплаб берилади. Бу янги тизим. Илгари бундай қилолмасдик. Энди имконият бор”, дейди Президент.
Йиғилишда аёллар саломатлигини сақлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Жойларда, айниқса, чекка ҳудудларда тиббий хизматлар сифати талаб даражасида эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
“Мисол учун, Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида туғиш ёшидаги аёлларнинг 30 фоизида камқонлик аниқланган. Бундан ташқари, хотин-қизлар ўртасида нафас олиш, ҳазм қилиш аъзолари, юрак-қон томир тизими касалликлари ҳам кўп”, дейилади хабарда.
Шу каби тиббий ёрдамга муҳтожлиги аниқланган 44 минг нафар хотин-қизларни алоҳида назоратга олиб, тиббиёт бригадаларига бириктириш, тор доирадаги шифокорларни жалб қилган ҳолда, уларни даволаш бўйича топшириқлар берилган.
Жорий йил якунига қадар қарийб 9 миллион аёлни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан, жумладан, саратон скринингидан ўтказиш вазифаси қўйилди. Онкологик касалликларни профилактика қилиш мақсадида 323 минг нафар қизлар одам папилломаси вирусига қарши эмланиши айтилди.
Эҳтиёжманд аёлларнинг даволаниши учун ҳар йили Хотин-қизлар жамғармасига қўшимча 30-50 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.
Хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенгайтириш, жисмоний тарбия ва рақс тўгаракларини кўпайтириш зарурлиги қайд этилди. Аёлларнинг мамлакатимиз бўйлаб саёҳатларини, санаторийларда даволанишини ташкиллаштириш юзасидан кўрсатма берилди.
Ёлғиз аёлларнинг фарзандларини мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш ва тўловларини қоплаш борасида ҳам енгилликлар бериладиган бўлди.
Муаммолар муҳокама қилинар экан, уй-жой масаласи албатта ўртага чиқади. Чунки оилавий ажрашишлар, ишсизлик, етишмовчилик оқибатида уйга муҳтож бўлиб яшаётган аёллар ҳали ҳам кўп. Давлатимиз раҳбари буни чуқур ҳис қилади ва доим уларга муносиб шароит яратишни назарда тутади. Сўнгги йилларда минглаб муҳтож аёлларга янги турар жойлар топширилди. Қолаверса, кам таъминланган хотин-қизлар уй олиши учун бошланғич бадал пулини тўлаб бериш тизими жорий этилган.
Видеоселектор йиғилишида бу долзарб масала бўйича қўшимча чоралар белгиланди. Вақтинча нотурар жойларда истиқомат қилаётган аёлларни уй билан таъминлаш учун ҳар бир ҳудудга 10 миллиард сўмдан, отасидан айрилган муҳтож қизлар манфаати учун 5 миллиард сўмдан маблағ ажратилиши айтилди.
Бу маблағлар уй-жойнинг бошланғич тўловини тўлаб беришга йўналтирилади. Шунингдек, хотин-қизларга турар жой ижараси компенсацияси учун 11 миллиард сўм ажратилади.
Аёлларга, шу жумладан, тазйиққа учраганларга малакали психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Хотин-қизларнинг давлат ва жамият олдидаги фидокорона хизматлари, ўз соҳаларида эришган ютуқларини рағбатлантириш учун алоҳида давлат мукофотини таъсис этиш таклифи илгари сурилди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасадди раҳбарлар ва хотин-қизлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган.
LiveБарчаси