Энг кўп қайси бюджет ташкилотларида меҳнат ҳуқуқи бузиляпти?
Жамият
−
13 Сентябрь 2021
8083Aйни вақтда бюджет ташкилотлари орасида меҳнат ҳуқуқининг бузилиши ва ходимларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилиниши билан боғлиқ ҳолатлар кўпроқ халқ таълими ва соғлиқни сақлаш тизимида кузатиляпти. Бу ҳақда бугун, 13 сентябрь куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов QALAMPIR.UZ журналистига маълум қилди.
“Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи бузилиши ҳам мавсумий жараён, десак муболаға бўлмайди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Call-марказлар бор ва айнан шу марказга ўтган 7 ой давомида 9 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Улар орасида меҳнат муносабатлари бузилишига оидлари ҳам мавжуд.
Бюджет ташкилотлари орасида халқ таълими ва соғлиқни сақлаш тизимида фаолият олиб борувчи ходимлар томонидан эътирозлар кўп бўлади. Қайд этиш керакки, вазирликка тушган барча мурожаатларга тезкорлик билан жавоб берилади. Aгар ҳақиқатан қонун бузилиш ҳолатлари аниқланса, албатта, чора кўрилади”, деди вазир Нозим Ҳусанов
Қайд этилишича, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мамлакатда ҳуқуқни назорат қилувчи вазирлик сифатида намуна бўлишга ҳаракат қилмоқда.
“Ҳозирда меҳнат ҳуқуқини назорат қилувчи вазирлик сифатида намуна бўлишга ҳаракат қиламиз. Бу борада эътирозлар юзага келмаслиги учун шахсан ўзим ходимларнинг иш вақтидан сўнг банд бўлмасликларига, қолаверса, йиғилишлар қилмаслик, дам олиш кунлари эса ишга чақирмасликка ҳаракат қиламан. Шанба ва якшанба кунлари ички ҳужжатларни кўриш, назорат қилиш мақсадида ўзим ишлашим мумкин. Aйни вақтда ходимларни вазирлик тизимига жалб қилмаслик бўйича топшириқ берганмиз ва назоратини олиб боряпмиз”, деди вазир.
LiveБарчаси