Энг кам пенсия ва нафақа олувчиларга қўшимча тўлов жорий қилинади
Жамият
−
07 Июнь 2021
15293Ўзбекистонда минимал пенсия ва нафақа олувчиларга қўшимча тўлов жорий қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти томонидан 4 июнь куни имзоланган “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонда сўз боради.
Ҳужжатга мувофиқ, жорий йил 1 июлдан бошлаб:
- белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдорида ва ундан кам пенсия олувчи шахсларга пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизи миқдорида қўшимча тўлов (кейинги ўринларда — қўшимча тўлов) жорий этилади. Бунда, иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 256 675 сўмдан 400 минг сўмга оширилади;
- белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан 565 минг сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсиялари миқдори 565 минг сўмга етказилади;
- зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа миқдори 315 030 сўмдан 400 минг сўмга етказилади.
Боқувчисини йўқотганлик:
- пенсия олувчиларнинг ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун қўшимча тўлов жорий этилади;
- пенсия олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори 256 675 сўмдан 400 минг сўмга оширилади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади;
- нафақа олувчи оилаларнинг барча аъзоларини қамраб олиш мақсадида уларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори 400 минг сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 150 минг сўмдан қўшилиши белгиланади;
- болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа ойига 513 350 сўмдан 565 минг сўмга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йилнинг 1 июлидан пенсия ва нафақаларнинг минимал миқдори оширилиши ғақида хабар берилганди.
LiveБарчаси