Энди уйи “снос”га тушган фуқароларга ер берилмайди — Давлетов

Жамият 14450

Бундан буён уйи “снос”га тушган фуқароларга фақатгина унинг кўчмас мулкига тенг қийматда пул маблағи берилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазири Русланбек Давлетов бугун, 9 июнь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди. 

“Уйи “снос”га тушган фуқароларга ер бериш масаласида шундай бир тартиб ўрнатиляптики, уйининг ўрнига ер эмас, ер сотиб олиш учун етадиган пул берилади. Суиистеъмоллик бўлмаслиги учун мана шу тартиб жорий қилиняпти”, деди Давлетов.

Aдлия вазири уйи бузилишга тушган фуқароларга ер ажратиш вақтида кўплаб қонун бузилиш ҳолатлари кузатилганини хам маълум қилди. Таъкидланишича, уйи бузилмаган фуқаролар ҳам ер олиш ҳолатлари кузатилган.

“Аслида уйи бузилмаган, лекин “уйим бузилган”, деб жуда катта ҳудудларни олган фуқаролар билан боғлиқ ҳолатлар ҳам кузатилди. Масалан, катта массив бўлади, бориб қарасангиз 30 фоиз ери ростан бузилган, олдинги уйининг кадастри бор. 70 фоизида олдин уйи бўлмаган ҳам, бузилмаган ҳам. Яъни уйим бузилди, деб ер оляпти. Мана шу вазиятда ҳам жуда катта суиистеъмоллик бор. Бунга чек қўйиш мақсадида давлат субсидия бериш орқали аҳоли эҳтиёжини ёпади. Ер бу– халқнинг бойлиги”, дейди вазир.

Эслатиб ўтамиз, кеча 8 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида энди ерлар электрон ауцион орқали хусусий мулк қилиб сотилиши, ишсиз аҳолига қишлоқ хўжалиги ерларини 10 йил муддатга деҳқончилик билан шуғулланиш учун ижарага бериш тартиби жорий қилиниши ҳақида айтиб ўтганди.

Мурод Бердиев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 487
Рейтинг: 3
t
×