Энди ТТЖларни қуриш учун давлат бюджетидан субсидия ажратилади
Жамият
−
07 Май 2022
4327Ўзбекистонда олий таълим муассасаларида талабалар турар жойларини давлат-хусусий шериклик асосида қуриш амалга оширилади. Бу Вазирлар Маҳкамакасининг “Талабалар турар жойларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорида белгиланган.
Қарорга мувофиқ, ТТЖларни қуриш лойиҳалари учун хусусий шерикка бериладиган субсидия миқдори лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича бир ўринга тўғри келадиган қийматнинг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда ажратилади.
Низомга кўра, ТТЖни давлат хусусий-шериклик (ДХШ) асосида қуриш лойиҳаларини амалга ошириш учун тадбиркорлик субъектлари ўртасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда тендер ўтказилади.
Тендер комиссияси томонидан ғолиб деб топилган тадбиркорлик субъекти белгиланган тартибда ТТЖни ДХШ асосида қуриш лойиҳаларини амалга оширади.
Лойиҳа тўрт босқичда амалга оширилади.
Биринчи босқичда, хусусий шерик давлатга субсидия ажратиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади.
Иккинчи босқичда, давлат хусусий шерик томонидан тақдим этилган аризани Низом талабларига мослигини ўрганиб чиқади. ДХШ битими ва унга доир маълумотларни илова қилган ҳолда субсидия ажратиш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига юборади.
Учинчи босқичда, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тақдим этилган аризани ўрганиб чиқиб, субсидия бериш учун давлат шериги билан субсидия ажратиш юзасидан шартнома имзолайди. Давлат бюджетидан ажратилган маблағларни давлат шеригига ўтказади. Субсидия ажратилганлиги тўғрисида давлат шеригига ёзма ахборот беради.
Тўртинчи босқичда, давлат шериги биринчи босқичда хусусий шерикнинг банкдаги ҳисобварағига ТТЖ умумий қийматининг 15 фоизи миқдорида субсидия ажратади. Кейинги босқичда бажарилган ишлар далолатномасига асосан бажарилган ишнинг 50 фоизи миқдорида, биринчи босқичда ажратилган маблағларни ҳисобга олган ҳолда субсидия ажратади.
Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори Олий ўқув юртлари қошида талабалар учун турар жойлар муаммосини ҳал қилишга хизмат қилади.
LiveБарчаси