Энди Тожикистонда фолбинга борганлар ҳам жазоланади

Олам

image

Тожикистонда жодугарлик ва фолбинликка қарши курашнинг янгича ёндашуви йўлга қўйилди. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, эндиликда Ички ишлар вазирлиги сеҳргар ва фолбинларнинг ўзларини жавобгарликка тортишдан ташқари, уларга мурожаат қилган фуқароларга нисбатан ҳам чора кўради.

“Ўтказилган тезкор-профилактика тадбирлари натижасида фолбин ва жодугарларга мурожаат қилган фуқаролар уларнинг хизматлари учун ҳақ тўлаб, бу орқали фолбинлар фаолиятини ривожлантираётгани аниқланди. Уларнинг хизматига мурожаат қилган барча шахслар Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий органларига чақирилиб, уларга нисбатан тегишли баённомалар тузилади ҳамда маълумотлари ва фотосуратлари бошқарма маълумотлар базасига киритилади”, дейилади ИИВ ахборотида.

Билдирилишича, охирги бир ойнинг ўзида 150 дан ортиқ фолбинга борган шахслар вазирлик рўйхатидан ўтказилган ва уларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўрилмоқда.  Шунингдек, сўнгги пайтларда ҳуқуқ-тартибот идоралари фолбинларни аниқлаш, мунтазам рейдлар ўтказиш билан фаол шуғулланмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатларга қарамай, фолбинлар ва сеҳргарлар хизматидан фойдаланадиганлар сони кўплигича қолмоқда.

Ички ишлар вазирлигига кўра, йил бошидан буён Душанбеда сеҳргарлик билан шуғулланган 141 киши қўлга олинган.

Жорий йилнинг 21 июнида Тожикистон Республикаси "Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс"нинг 482-моддасига киритилган ўзгартишларга кўра, фолбинлик ва жодугарлик билан шуғулланганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 80 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солинади ёки 10 дан 15 кунгача муддатга маъмурий тартибда қамоққа олинади.

Маълумот учун, Тожикистонда жодугарлик учун маъмурий жавобгарлик 2008 йилда жорий этилган бўлса, 2015 йилдан бошлаб сеҳр-жоду маросимларини ўтказганлик учун 7 йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мамлакат Жиноят кодексига 240-модда (“Жодугарлик ва фол очиш”) қўшилган. Унда маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида ушбу ҳаракат такрорланса, жиноят иши қўзғатилиши қайд этилган. Унга кўра, фолбинлар ҳисоб-китоб кўрсаткичининг 1500 дан 2000 бараваригача жарима ёки бир йилдан икки йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинади.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон фолбин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made