Энди тезюрар поездларда йўловчиларни ташиш тарифлари давлат томонидан белгиланмайди

Жамият

image

Ўзбекистонда тезюрар поездларда йўловчиларни ташиш тарифларини давлат томонидан тартибга солиш амалиётидан воз кечилади. Бу ҳақда “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 329-сонли Президент қарори қабул қилинди. 

Қарорга кўра, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва унинг таркибидаги корхоналар негизида 2024 йил 1 январгача қуйидагилар ташкил этилади:

  • йўл хўжалиги, электр таъминоти, сигналлаштириш ва алоқа, локомотив хўжалиги, ягона диспетчерлик маркази ва юк станциялари иш фаолиятини таъминлаш бўйича “Темирйўлинфратузилма” АЖ;
  • юк ташиш хизматларини амалга ошириш, юк вагон ва контейнер хўжалигини сақлаш ва ривожлантириш, мультимодал “эшикдан эшиккача” ташувларни йўлга қўйиш, логистика марказлари ва терминалларини ташкил этиш бўйича “Темирйўлкарго” АЖ;
  • юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларда йўловчиларни ташиш хизматини кўрсатиш бўйича "Темирйўлэкспресс" АЖ;
  • "Ўзтемирйўлйўловчи" АЖ таркибида вокзаллар фаолиятини таъминлаш бўйича “Темир йўл вокзаллари” МЧЖ ва шаҳар атрофида йўловчилар ташиш бўйича “Шаҳар атрофида йўловчи ташиш” МЧЖ;
  • болалар оромгоҳлари, соғлиқни сақлаш, маданий-маърифий ва спорт объектларини сақлаш бўйича “Темир йўл ижтимоий хизматлар” муассасаси.

Темир йўлда юкларни маҳаллий, экспорт ва импорт йўналишларида ташиш тарифларига тақдим этилган чегирмалар 2024 йил 1 январдан бекор қилинади ҳамда уларни фақат Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тақдим этиш тартиби жорий этилади (икки ёки ундан кўп хорижий мамлакатларнинг темир йўл маъмуриятлари билан келишувларга асосан тақдим этилган чегирмалар бундан мустасно).

2023 йил 1 декабргача темир йўлларда юкларни ташиш тарифларига тақдим этиладиган чегирмалар рўйхати тасдиқланади.

2024 йил 1 январдан юк вагонлари ва контейнерларни тақдим этиш ҳамда юқори тезликда ҳаракатланадиган ва тезюрар поездларда йўловчиларни ташиш хизматлари тарифларини давлат томонидан тартибга солиш амалиётидан воз кечилади ва уларни бозор тамойиллари асосида тартибга солиш механизмига ўтилади.

2025 йил 1 январдан маҳаллий йўналишларда йўловчиларни ташиш хизматларини (юқори тезликда ҳаракатланадиган ва тезюрар поездларда йўловчиларни ташиш бундан мустасно) кўрсатишдан кўрилган зарарлар, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан темир йўл транспортида юк ташиш хизматларига берилган чегирмалар Давлат бюджети ҳисобидан компенсация қилинади.

2027 йил 1 январгача темир йўл транспорти хизматларини кўрсатувчи корхоналар томонидан олиб кириладиган ортиш-тушириш ишлари учун мўлжалланган механизм ва ускуналарга божхона божининг ноль ставкаси қўлланилади.

2026 йил 1 январгача “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва унинг таркибидаги корхоналарга ўзаро тўғридан-тўғри шартномалар асосида товарларни сотиш, ижарага бериш, харид қилиш, етказиш, иш (хизмат)ларини бажаришга рухсат берилади.


Мақола муаллифи

Теглар

тезюрар поездлар ташиш тарифлар йўловчилар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг