Энди шахснинг судланганлиги қариндошларининг ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмайди

Бизнес

image

Сир эмаски, ўтган йилларда судланганлик ҳолати шахснинг оила аъзолари, яқин қариндошлари ҳаётига салбий таъсир кўрсатиши учраб турар эди. Шунингдек, мустабид тузумдан қолган ушбу иллат халқни қўрқувда ушлаб туришга мўлжалланган, қанча ёшларимизни ўз орзу-умидларидан воз кечишга ва қанчадан-қанча ёш оилаларни турмушдан ажрашишигача мажбур қилган.

Шу боис янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг 28-моддасида “Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмас”, деган инсонпарвар ва адолатли норма мустаҳкамланмоқда. 

Судланганлик шахсга суд ҳукми билан жазо тайинланганидан кейин келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибат бўлиб, мазкур шахсга нисбатан муайян оқибатларни келтириб чиқаради. Масалан, давлат бошқаруви, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ишга кириш ёки уларда тегишли лавозимларни эгаллашда, ҳарбий хизматни ўташда, сайланиш ҳуқуқидан фойдаланишда ёхуд муайян фаолият билан шуғулланишда қатор тақиқларни юзага келтиради. Аммо шахснинг судланганлиги билан боғлиқ турли чекловлар унинг ўзи билан чекланиб, бошқа шахсларнинг ҳуқуқларига таъсир қилмаслиги ва ҳеч бир ҳолатда инсон ўзининг яқинлари йўл қўйган хатолар учун жавоб бермаслиги керак! 

Қолаверса, меҳнат қонунчилигига кўра, шахсларнинг яқин қариндошлари судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилмаслик ҳолати ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этиш, деб ҳисобланади. Афсуски, бундай эскича ёндашув оқибатида кўплаб юртдошларимиз азият чеккан. Масалан, одатда, бир оилада ота-она, бир неча ака-ука, опа-сингил ва фарзандлар бўлса, бу оиланинг биргина аъзоси қилган хатоси 10 нафардан ортиқ инсонларнинг ҳаётига салбий таъсир этади. Қанчалик уринмасин, меҳнат қилмасин, яқинининг судланганлиги инсоннинг касбий ўсиши, шахс сифатида ривожланиши, жамиятда нуфузли ўринга эга бўлишига тўғридан-тўғри тўсиқ бўлади.

Шахс ҳуқуқлари асоссиз чеклаш, жумладан, судланганлиги муносабати билан мумкин эмаслиги БМТнинг 1966 йил 16 декабрдаги Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пакт нормаларида умумий ҳолда белгиланган. Шунга ўхшаш нормалар Польша, Сербия, Испания, Хорватия, Словения каби давлатлар конституцияларида ҳам мустаҳкамланган.

Асосий қонунимизга киритилаётган мазкур қоида судланган шахслар қариндошларининг ҳуқуқларини асоссиз чеклашни тақиқлайди. Мустабид тузумдан мерос бўлган салбий тажрибадан воз кечиб, ҳар ким фақат ўзи содир этган жинояти учун жавоб беришини амалда таъминлашга хизмат қилади.

Д.Ортиқов,
Судьялар олий мактаби доценти


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг