Энди порахўрлар ҳақида “сигнал” берганлар давлат томонидан ҳимояга олинади
Жамият
−
27 Июль 2021
8031Ўзбекистонда коррупцияга оид жиноятлар ҳақида ҳуқуқ-тартибот органларига хабар берган шахслар ва уларнинг яқин қариндошлари давлат томонидан ҳимоя қилинади. Бу “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасида ўз аксини топди.
Жорий йилнинг 24 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди ва депутатлар томонидан маъқулланди.
Коррупцияга оид ушбу Қонун лойиҳасида Коррупцияга қарши курашиш агентлигига бир қанча ваколатлар ва вазифалар юклатилмоқда.
Қонун лойиҳасига мувофиқ, 2017 йил 3 январда қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 28-моддасига қуйидаги ўзгартиришлар киритилди, унга кўра коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахслар ва уларнинг яқин қариндошлари ҳимоя қилинади.
Эндиликда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахслар ва уларнинг яқин қариндошлари давлат ҳимоясида бўлади. Шунингдек, Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот берган шахслар тўғрисидаги маълумотлар хизмат сирини ташкил этади ҳамда қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда фақат ўзининг, шунингдек коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат орган раҳбарининг ёзма рухсати асосида ошкор этилиши лозим.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот берган шахслар ва уларнинг яқин қариндошлари ҳаётига ёки соғлиғига ёхуд мол-мулкига тажовуз таҳдиди мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар аниқланган тақдирда, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари Ўзбекистон Республикасининг “Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунида белгиланган зарур чораларни кўриши шарт.
Жумладан, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларга ва уларнинг яқин қариндошларига коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот тақдим этганлиги сабабли тажовуз қилиш, шунингдек иш берувчи томонидан таъқиб этилиши (асоссиз ишдан бўшатиш, меҳнат шартлари ва меҳнатга ҳақ тўлашни ноқулай томонга ўзгартириш, юқори лавозимга тайинлашни рад этиш ва бошқалар)га йўл қўйилмайди ҳамда қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларни рағбатлантириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Маълумот учун, Қонун лойиҳасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 29 сентябрда қабул қилинган “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 231-моддаси билан тўлдирилди, эндиликда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимларининг қамоқда сақлаш жойларига бориши мумкин бўлади.
Бундан ташқари, 2017 йил 9 январда қабул қилинган “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддасига ҳам ўзгартириш киритилган бўлиб, бунда махсус қабулхонага Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари монеликсиз киришлари ва уларнинг хавфсизлиги таъминланиши белгиланди.
LiveБарчаси