Энди “Open budget” лойиҳаларини депутатлар ғолиб деб топиши мумкин

Жамият

image

Эндиликда “Ташаббусли бюджет” доирасида “Депутатлар ташаббуси” амалиёти жорий этилиб, дастур доирасида ғолиб бўлмаган лойиҳалар депутатлар томонидан ғолиб деб топилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 29 августда қабул қилинган “Ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш доирасида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида сўз боради.

Қарорга кўра, халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш мақсадида 2026 йилдан бошлаб “Ташаббусли бюджет” жараёнлари доирасида ғолиб бўлмаган лойиҳаларни депутатлар ташаббусига кўра ғолиб деб эълон қилиш амалиёти жорий этилади.

Бунда:

  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳар йили “Ташаббусли бюджет” жараёнлари доирасида тегишли сайлов округларида ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан иккита лойиҳани (ҳар мавсумда биттадан) сайловчиларнинг манфаатларини инобатга олган ҳолда “Очиқ бюджет” ахборот порталида танлайди;
  • Депутатлар томонидан танланган лойиҳалар “Очиқ бюджет” ахборот порталида автоматик равишда ғолиб деб топилади ва ушбу лойиҳалар республика бюджетидан молиялаштирилади.

Порталда депутат ташаббуси асосида молиялаштириладиган лойиҳалар учун алоҳида саҳифа ташкил этилиб, шу турдаги барча лойиҳаларнинг жамоатчилик учун очиқ рўйхати юритилади.

Ушбу харажатларни молиялаштириш учун ҳар бир депутатга бир йилда икки мавсум учун базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз минг баравари миқдорида (амалда 3,3 млрд сўм) маблағ ҳар йилги Ўзбекистон Республикаси республика бюджетида назарда тутилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Ташаббусли бюджет”нинг жорий йилги 2-мавсуми доирасида овоз бериш босқичи бошлангани хабар қилинган эди. Овоз бериш жараёнлари эртага, 31 август соат 23:59 га қадар давом этади. “Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2025 йил 2-мавсуми доирасида фуқаролар томонидан жами 22 минг 263 та лойиҳа келиб тушган бўлиб, шулардан 18 минг 656 таси овоз бериш босқичига ўтказилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ташаббусли бюджет Open budget Депутатлар ташаббуси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг