Энди масжидларда динни худди 1-синф алифбосидек мўминларга ўргатамиз – Мирзиёев

Жамият 4474

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 31 август куни эрта тонгда Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюриб, қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида иштирок этди.  

Қуръон тиловат этилиб, халқимиз озодлиги учун фидо бўлган инсонлар ҳақига дуо қилинди. Анъанага кўра, элга ош тортилди.

Хиёбондаги рамзий қабр ёнида нуронийлар, уламо ва зиёлилар билан мулоқот бўлиб ўтди.

Президент Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси – муфтий Усмонхон Алимов билан суҳбат қурди. 

“Таҳликали дунёда вазият кун сайин эмас, соат сайин ўзгаряпти. Мана шундай оғир вазиятда яшаяпмиз, лекин мана шу шароитда яккаю ягона халқимизнинг манфаати, халқимизнинг тинчлиги, осойишталиги муҳим. Жонажон Ватанимизнинг эртанги кунига, мана шундай мустақиллик кунларимизга шоҳид бўлганлар, улар қандай машаққат кўрган, қандай шу кунларга интилган ва мана шу интилишларида адолатсиз қурбон бўлганларини юз карра тушунтириш керакки, ҳар куни ёшларимизга етказишимиз керак”, дейди Президент. 

Давлат раҳбари масжидларда ўқилаётган намозларда, айниқса, жума намозларидаги дуоларда элимизга шукроналикни ният қилиш кераклиги айтди. Мўмин-мусулмонларни оғирлик ва вазминликка даъват қилишни қўшимча қилди. 

“Масжидлардаги дуо-фотиҳалар, жума намозларида айниқса, элимизга шукроналикни билим билан, оғирлик, вазминлик, ҳаёт билан ҳамнафаслик нуқтаи назаридан амалий нарсаларни айтиб, халқимизни, мўмин-мусулмонларимизни мана шунга даъват қилсак, ана шунда натижа бўлади”. 

Шавкат Мирзиёев диний масалада, айниқса, муқаддас Ислом диний бўйича ҳам алоҳида тизим ишлаб чиқилаётгани, бундан буён имомлар ўзлари фаолият юритаётган мўмин-мусулмонларга масъул бўлишларини маълум қилди:

“Жуда катта тизим қиляпмиз. Тизим шундай – фақат бағрикенглик, маърифат, маданият, адашганларни тўғри йўлга қўйиш. Имомларни ўқитиш тизимини ўзгартирамиз, имомларнинг дунёқарашини ўзгартирамиз. Энди қарор шундай бўладики, ҳар бир имом ўзининг ҳудудидаги мўмин-мусулмоннинг яхшисига ҳам, ёмонига ҳам жавоб беради. Имом Бухорий нима деганларини агар ўқисаларинг, у ерда ҳамма нарса ёзилиб турибди. Ўзингиз (Усмонхон Алимовга қараб) Тошкентнинг имоми билан чиқиб, Исломнинг эртанги кунини, оддий тилда жамиятимизнинг ҳозирги ўрнини тўғри топиб, тўғри баҳо бериб, эртанги кунимиз нима бўлади деган саволга сизлар ўзларингни соҳаларингда (жавоб) етказиш керак”. 

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти ўлароқ фаолият бошлагандан буён мамлакатда диний соҳада катта ислоҳотлар амалга оширилган. Эътиқод эркинлиги таъминланди. Эски даврдан қолган айрим ҳолатларга барҳам берилди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг бу борадаги ислоҳотлари нафақат мамлакатда, балки хорижда ҳам олқишланди. Давлат раҳбари яна бир янгилик ҳақида сўз очди. Унинг қайд этишича, энди масжидларда мўминлар учун дарслар ташкил этилади. 

“Энди масжидларда ҳудди 1-синф алифбосидан мўминларга ўргатамиз. Ислом нима, қўлини дуога кўтарган одам нимага келади? Авваламбор, ўзини оиласи, фарзанди, хонадонига дуода тинчлик тилайди. Бунинг тагида нима бор? Ўша юртга, ўша заминга, ўша районга тинчлик туради. Шунинг учун ҳар бир масжиднинг имоми ўзининг ҳудудидаги 5 минг одамнинг ичида 500 одам номақбул бўлса, ҳар куни неча соат унинг ёнига бориб диний билим беряпти, дунёвий билимга интилгин деб айтяпти? Шуни ёзиб, мен бугун уч соат ўқитдим, менинг имоним комил, агар у халқпарвар бўлса, уч ойни ичида у албатта шукроналик айтиб, ўзига муносиб ўрин топиб, мана шу юртнинг муносиб фарзанди бўлади”, дейди давлат раҳбари.

Президент сўзида давом этаркан, Ҳаж зиёратини амалга ошириб келаётган ҳожиларнинг гарданидаги масъулиятни эслатди:

“Биз ҳар йили 30%га арзон қилиб, Ҳажга юборган мўмин у ердан нур олиб келсин, шукроналик олиб келсин. Ҳар бир Ҳаждан келган одам қўшнисини ҳам маърифатга, эътиқодга инонтира олса, ўшанда жамиятимиз ўзимизга муносиб бўлган Имом Бухорий Ватанида шундай тартиб боракан уламолар ичида, таъзим ва қойил, тараннум қилинглар, Бухорийлар юртидан ўрнак олинглар, эй мўминлар дейди”. 

Президент буюк атиб, маърифатпарвар Абдулла Қодирий мактабини ташкил этиш масаласига ҳам тўхталди:

“Нақшбанд бобомиз айтгандек, меҳнатсиз ҳеч қандай натижа бўлмайди. Қўлинг меҳнатда, юрагинг Аллоҳда бўлиши керак. Биз яқинда Абдулла Қодирий бобомизнинг мактабини очаяпмиз. Нима учун очяпмиз? Секин-секин ёшлар Абдулла Қодирийни ҳам унутиб юборади. Ана шундай ватанпарвар, халқпарвар одамларимизнинг ҳақиқий ҳаётини, қандай шароитда улар ўқиган, қандай зулм бўлса ҳам улар элим, халқим деб жонини берган... Бугун нима учун бу ерга келиб зиёрат қиляпмиз? Ҳамма улуғ боболаримиз Ўзбекистоннинг мустақиллиги учун курашган. Мактабга улуғларимизнинг номини берайлик. Ҳар бир мактабда улуғларни ўргансак  қайсидир мактаб уни билади, бошқаси буни билади, умумий савиямиз ўзгаради деган топшириқ бердим. 

Бу нарсаларнинг ҳаммасини жойига қўядиган вақт-соат келди. Илоҳим мана шу нарсаларни бажаришга белимизни маҳкам боғлаб, шукроналик нуқтаи назаридан ҳаммамиз бир ёқадан чиқаришимиз керак. Биз ўзимизнинг кучимиз, қудратимиз, тинчлигимиз, осойишталигимизга жипс бўлиб, бир бўлиб, шукрона қилиб ҳаракат қилсак кам бўлмаймиз”. 


 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 30
Рейтинг: 3.2
Будьте в курсе событий!
×
×