Энди мактаб директорлари янги тизим бўйича танланади
Жамият
−
05 Апрель 2022
16301Ўзбекистонда энди мактаб директорларига номзодлар сертификатлаш тизими орқали танланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 5 апрель куни халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигига бағишланган йиғилишда сўз очди.
“Қайси мактаб директори ҳаракат қилаётган бўлса, натижа бўлаяпти. Аксинча, шароит яхши бўла туриб, ўзгариш қила олмаётган директорлар ҳам кўп”, дейди Президент.
Шу боис, давлат раҳбари Халқ таълими вазирлигига жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб мактаб директорларини сертификатлаш тизимини жорий этишни топширди. Бундан буён директорликка номзодлар ушбу тизим орқали танланади.
Қайд этилишича, жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиш асосида 193 та таълим муассасалари негизида табиий ва аниқ фанларга ихтисослашган мактабларни ташкил этиш таклифлари ишлаб чиқилган.
Йиғилишда вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари жорий йилнинг 1 августига қадар ўз ҳудудидаги мактабларни таъмирлаш, замонавий жиҳозлаш, яшаш ва овқатланиш учун шароитлар яратишга масъул этиб белгиланди.
“Янги ўқув йилига қадар 173 та мактаб тайёр бўлиши шарт ва бунга вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари жавобгар. Қолган 20 та ихтисослашган мактаб кейинги ўқув йилига қадар топширилиши зарур”, дейди Мирзиёев.
LiveБарчаси